1975 йилда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган Ўктам (исми ўзгартирилган) исмли фуқаро ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, енгил даромад топиш йўлига ўтиб, валюта қимматликларининг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланган. Бу ҳақда Хоразм вилояти маъмурий суди «Дарё»га хабар берди.
Хусусан, Шокир исмли фуқаронинг аризасига асосан ўтказилган тадбирда, Ўктамнинг Хива шаҳридаги «Хива деҳқон бозори» ҳудудида Шокирдан 200 долларни ноқонуний равишда олиб, унга 1 670 000 сўм пулни бераётган вақтида ушланган.
Ўктамга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 170-моддаси билан тўпланган материаллар Хива шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилиб, ашёвий далил тариқасида олинган пуллар давлат эгалигига ўтказилиб, Ўктамга нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Хива шаҳар маъмурий суди раиси Т. Юсупов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 170-моддаси (Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) санкцияси Ўзбекистоннинг 2019 йил 15 январдаги ЎРҚ-516-сонли Қонуни билан киритилган ўзгартиришга асосан оғирлаштирилиб, эндиликда валюта бойликларини мусодара қилиб, ўн беш суткага маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлишини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)