Тошкент вилояти Паркент туманида «Кумушкон тараққиёт инвест» масъулияти чекланган жамияти сайёҳлик мажмуасини қурмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тоғда, арчазорда қурилаётган беш қаватли меҳмонхонанинг томида бино ҳудудини эгаллаган сузишга мўлжалланган катта сув ҳавзаси бўлади. Бундан ташқари, меҳмонларни тоғли ҳудудга вертолётда кутиб олинади ва кузатиб қўйилади.
«Вилоятимизда сайёҳликни ривожлантириш борасида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, – дейди Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти бўлиб бошлиғи Зиёд Йўлдошев. – Аввало сервис хизматлари ва меҳмонхоналар сифатига алоҳида эътибор берилмоқда. Кўплаб меҳмонхоналар қурилмоқда. Хусусан, келгуси икки йилда 200 меҳмонхонани фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. ‘Кумушкон тараққиёт инвест’ масъулияти чекланган жамияти қураётган меҳмонхона улардан бири бўлиб, май ойида ишга тушиши кутилмоқда. Лойиҳа қиймати 26 миллиард сўм бўлган бу бинода бир қатор хизматларга эътибор қаратилган. Бунда сайёҳ бир кеча тунашга эмас, бир ҳафта юришга мажбур бўлсин, тамойилига амал қилинган. Соғломлаштириш маркази, мусаффо ҳаво, ҳовлида мини стадион, шифобахш сув ванналари таклиф қилинади. Қисқаси, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳеч бир сайёҳ бу ерда зерикмайди. Қолган меҳмонхонларда ҳам бу жиҳатига эътибор қаратилмоқда.»
Дарҳақиқат, келгусида беш юлдузли меҳмонхона талабларига жавоб бериши кутилаётган бу иншоот ҳовлисида барпо этилган балиқ ови учун мўлжалланган сув ҳавзаси ва унинг ёнидаги ёзги ошхоналар балиқхўрлар учун завқли бўлади.
Экстремал туризмга қизиқувчилар учун эса ҳовлида махсус аттракционлар ташкил этилган.
Изоҳ (0)