Фарғонада бир фуқарога жиноят иши қўзғатиш, қаматиш билан таҳдид қилиб, 500 доллар пора олган 2 нафар ички ишлар ходими ушланди, дея хабар беради ЎзА.
Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси Достонбек Мавлонов ҳамда профилактика инспектори Валижон Абдурашидовлар тамагирлик жиноятига қўл урди.
У ўз иш юритувидаги фуқаро Э. Маматовнинг Nexia-2 русумли автомашинасини ўғирланганлиги ҳолати юзасидан С.Абдураҳимовга нисбатан тўпланган материал бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва маъмурий тартибда ҳал қилиш эвазига 500 доллар пора беришни талаб қилган. Акс ҳолда унга жиноят иши қўзғатиш ва қамаш билан таҳдид қилган. Албатта бу ишни профилактика инспектори В. Абдурашидов ёрдамида амалга оширишни режа қилди. С. Абдураҳимов эса бу икки нафар давлат органи мансабдор шахсларининг қилмишлари юзасидан ариза билан мурожаат қилди.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлиги бошқармасининг вилоят бўйича бўлими ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда дастлаб В.Абдурашидов ўзининг Matiz русумли автомашинасида кимёвий ишлов берилган 500 долларни С.Абдураҳимовдан пора тариқасида олган. Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Д. Мавлонов ўз хизмат хонасида 500 долларни пора тариқасида олганда, у ҳам ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Д. Мавлонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб 6 йил, В. Абдурашидов эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Изоҳ (0)