АҚШнинг машҳур Photography Life ижодий гуруҳи аъзолари 6—9 апрель кунлари Хоразм вилоятида тасвирга олиш ишларини олиб борди, бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Носим Мансуров бошчилигидаги ушбу гуруҳ мутахассислари суратга олиш учун дунёнинг турли нуқталарида бўлиб, ҳар хил тасвирлар яратади. Уларнинг мақсади National Geographic журналида воҳанинг сайёҳлик салоҳиятини намоён қилиш эди.
Икки кунлик ижодий сафарда фотосуратчилар Хоразмнинг ўзига хослигини кўрсатиб берувчи кадрларни излади. Натижада хоразмча нон тайёрлаш, ўймакорлик, гиламдўзлик билан шуғулланувчи ҳунармандларнинг иш жараёни ва оддий аҳоли вакилларининг самимий нигоҳини фотокамера хотирасига муҳрлади.
Бундан ташқари, қадимий ва навқирон Хива шаҳридаги «Нуриллабой саройи», «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси обидалари ҳам тасвирга олинди.
Маълумот учун: National Geographic журнали — 1888 йилнинг октябрь ойида АҚШ Миллий географик жамияти томонидан ташкил этилган. Бу журнал бир неча мамлакатларда ва турли тилларда чоп этиб келинмоқда.
Изоҳ (0)