Жорий йилда Қорақалпоғистоннинг Нукус ҳамда Хоразмнинг Хива шаҳрида Президент мактабларининг қурилиш ишлари бошланган эди. Айни пайтда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳам Президент мактабини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 февралида «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, Президент мактаблари мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этилади.
Мазкур мактабларга қабул Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбат натижаларига кўра амалга оширилади. Мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса ҳар бир Президент мактабининг 5-10-синфларига жами 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.
Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM – таълим» (Science — табиий фанлар, Technology — технология, Engineering — техник ижодкорлик, Арт – санъат, Mathematics — математика) дастури асосида олиб борилади.
Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишига кўра айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.
Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Баccалауреате, Advanced Плаcемент ёки International Advanced Levelс)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.
Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши Президент мактабларига қабул имтиҳонларини ташкил этиши кутилмоқда.
Бу каби саъй-ҳаракатлар юксак билимли, кенг фикрли, ватан тақдирига дахлдор авлодни вояга етказиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)