Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги ҳамда «Ватандош» диаспора ташкилоти томонидан, АҚШда Ўзбекистоннинг миллий туризм брендини оммалаштириш, ватандошлар билан яқин алоқаларни ўрнатиш ва Америка жамоатчилигига ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси ҳақидаги маълумотларни етказиш мақсадида, «Ўзбекистонга саёҳат қил!» шиори остида йирик акция ўтказилди, деб хабар берди Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати.
Тадбир давомида «Uber Technologies Inc.» ва «Lyft» компанияларининг йўловчиларни ташиш учун лицензиясига эга бўлган ўзбекистонликлар Ўзбекистоннинг машҳур шаҳарлари, жумладан, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг суратлари акс эттирилган ҳамда Ўзбекистоннинг туризм ахборот веб-сайтлари манзиллари кўрсатилган ёрлиқларни ўз автомобилларига ёпиштирди.
Шу билан бирга, «Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби» номли инглиз тилидаги брошюралар кейинчалик йўловчиларга тақдим этиш учун такси ҳайдовчиларига тарқатилди.
100 дан ортиқ автомобиллар иштирокидаги тадбир жараёни интернет тармоғида тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилинди ҳамда маҳаллий ОАВда ёритилди. Тадбир давомида транспорт воситалари ёрдамида тайёрланган ва дрон ёрдамида суратга олинган «I LOVE UZ» ёзуви намойиши эса кутилмаган воқеа бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Uber Technologies Inc. – 2009 йилда ташкил этилган Американинг халқаро хусусий компанияси ҳисобланади.
Мазкур компания хусусий ҳайдовчи ёки такси чақириш, тўловларни амалга ошириш, озиқ-овқатларни етказиб бериш учун мўлжалланган мобил илова яратган ва шу орқали машҳурликка эришган. Мавжуд маълумотларга кўра, тахминан 2 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар Uber компаниясининг лицензиясига эга.
Изоҳ (0)