Украина президенти Пётр Порошенко «Олимпийский» МСМ допингга қарши марказида спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддаларга таҳлил топширди, дея хабар беради «Sputnik».
У журналистлар ҳузурида қон топширди. Шунингдек, шифокорлар унинг пешоби ва сочларини таҳлил учун олади. Таҳлиллар бир неча соатдан сўнг тайёр бўлади.
Бундан ташқари, бугун «Евролаб» клиникасида биринчи тур етакчиси, президентликка даъвогарлик қилаётган Владимир Зеленский ҳам ўз таҳлилларини топширган.
Аввалроқ Зеленский Порошенконинг сайловлар иккинчи туридан олдин дебатлар ўтказиш тўғрисидаги чақириғини қабул қилган эди. Зеленский дебатларни Киев стадионида ва гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликка таҳлил топширгандан сўнг ўтказиш шартини қўйган. Бу шартларга Порошенко ўз розилигини билдирган.
Украина президенти сайловлари 31 март куни ўтган. Украина МСКнинг маълумотларига кўра, биринчи турда ғолибликни қўлга киритиш учун кураш олиб борган номзодлардан ҳеч бири етарлича овоз тўплай олмаган. Шунинг учун сайловларнинг иккинчи тури 21 апрель куни бўлиб ўтиши белгиланган.
Изоҳ (0)