«Дарё» колумнисти, HotelPro эксперти Дилшод Одилов ташкилот эгаларига ходимлар билан ишлаш борасида ўз маслаҳатларини беради.
Ҳаётингизда кимдир сизга ваъда бериб, бажармай қолган вақтлар бўлганми? Дўстларингиз ёки партнерларингиз сўз бериб, охирги вақтда бажара олмай қолган вақтлар бўлганми? Ўшанда нималарни ҳис қилгансиз? Одамларга нисбатан ишончингиз сўниб, бошқа ишламаслик ҳақидаги фикрлар келганми? Худди шундай вазият сиз ва ходимингиз орасида рўй беришига йўл қўймаслик керак.
Ваъда бериб, бажармаслик иш берувчи ва ходим орасини совутадиган энг асосий сабаблардан биридир. Агар ходимларингизда норозилик кайфияти сезилса, ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармаётганини сезсангиз, бунинг сабаби қачондир берган ваъдангиз ёдингиздан кўтарилгани бўлиши мумкин.
Иш берувчилар ходимни олаётганида турли ваъдалар беради. Бошланишига кичикроқ иш ҳақи таклиф қилиниб, кейинчалик ойликни кўтариб бериш ваъдаси, ходим яхши ишласа, қўшимча бонуслар чиқариб бериш ваъдаси, иш шароитини яхшилаб бериш ваъдаси, маълум вақт ўтгандан кейин ходимнинг мартабасини ошириш ваъдаси шулар жумласидандир. Ходимлар бу ваъдаларни унутмайди. Кўпинча ходимнинг сиз берган ишни қабул қилишида ҳам келажак ваъдалари катта рол ўйнайди.
Ходим ҳозирги ҳолатда таклиф қилган шароит ва иш ҳақингиз унга тўлиқ тўғри келмаса ҳам келажакдаги ваъдаларни инобатга олган ҳолда ишлашни бошлайди. Иш жараёнида ўша ваъдалар бажарилишини кутади. Ваъда бажарилмаслиги ўз-ўзидан ходимнинг кайфиятига таъсир қила бошлайди. Иш жойига, иш берувчига нисбатан ички норозилик, исён кайфияти вужудга кела бошлайди. Инсон характери турличалигини инобатга олсак, баъзи ходимлар юрак ютиб, иш берувчига ваъдасини эслатиб кўради, баъзилар эса ваъда бажарилишидан умидини узиб, ўзи билган-билмаган ҳолатда аламини мижозлардан олишни бошлайди. Натижада норози мижозлар кўпаяди. Мижозлар ҳам ходимингиздан норози бўлганини баъзан сизга билдиради, баъзилари шунчаки рақобатчингизга кетиб қолади. Оқибатда бизнесингиз зарар кўради. Бир ходимнинг ойлигини, айтайлик, 200 000 сўмга ошириб бериш ваъдасини унутганингиз натижасида миллионлаб сўм фойда келтирадиган мижозингизни йўқотиб қўйишингиз мумкин.
Меҳмонхоналар ходимларига иш ўргатиш пайтида ишчилар билан ҳам, иш берувчи билан ҳам суҳбатлашамиз. Кузатувимиз баъзи ходимлар иш жараёнида норозилик кайфияти сезилса, сабаби берилган ваъданинг бажарилмагани бўлиб чиқаётганини кўрсатмоқда.
Ваъдангизни унутмаган, балки ходим учун у кутганидан ҳам аъло сюрприз тайёрлаётган бўлишингиз мумкин. Лекин ўша сюрпиризингиз амалга ошгунча ходим келиб бошқа иш топганини ёки оилавий шароити туфайли ишдан кетишга мажбур бўлиб қолганини айтса, билингки, ходимнинг ваъданинг бажарилишини кутишга сабри етмади, сиз эса вақтида ходимга яратмоқчи бўлган шароитларингизни у билан ўртоқлашмадингиз.
Ойлаб, балки йиллаб вақт сарфлаб тайёрлаган кадрингиз рақобатчингизга кетиб қолишига йўл қўйманг. Рақобатчига кетган ходим нафақат тайёр кадр, балки йўқотилган мижозлар базаси, янги, тажрибасиз ходимга сарфланадиган вақт ва маблағ демакдир. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун ходимларингиз билан кўпроқ суҳбатлашинг, қўлингиздан келганча маиший муаммоларида молиявий ёрдамингизни аяманг. Сиз учун арзимаган сумма ходимингизнинг бир ишини битириб бериади, бу унинг сизга бўлган ҳурматини оширади. Ходимда кўрсатган ёрдамингизни оқлаш масъулияти пайдо бўлади. Мотивацияси кучайган ходим сиз кўрсатган эътиборни мижозингизга кўрсатади, сиз кўрсатган эътиборни оқлашга сидқидилдан ҳаракат қилади.
Ходимларга берилган ваъдаларингизни эсланг. Бажариш вақти келган бўлса, албатта бажаринг. Режангиз ўзгарган бўлса, ходимга маълум қилиб қўйинг. Ходимингиз кўз олдида доим айтган гапининг устидан чиқадиган иш берувчи имижини сақлаб туринг. Унутманг, ҳар қандай муаммони ходим билан дилдан, очиқ суҳбат орқали ҳал қилиш мумкин. Ана шунда садоқатли ходимларингиз билан бир жамоа бўлиб, бизнесингизни янада юқори чўққиларга олиб чиқа оласиз.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)