2019 йилнинг 9 март куни «Ҳилол-нашр» матбаа ижодий уйининг мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб «Тафсири Ҳилол 30-жуз» (Қуръони Kаримнинг 30-пораси тафсири) ҳамда «Усмон ибн Мазъун» жоме масжиди имом-хатиби Исхоқжон Муҳаммаджон ўғли томонидан ёзилган «Таълим ва тарбия» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Islom.uz» хабар берди.
Хабарда келтирилишича, «Тафсири Ҳилол» мўътабар тафсирларнинг анъаналарига содиқ қолган ҳолда, бугунги кун китобхонининг савияси, дунёқараши ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб ёзилган бўлиб, ўқувчини Қуръони Карим маъноларининг битмас-туганмас ҳикматларига ошно этади.
«Тафсири Ҳилол 30-жуз» асарининг ўзига хос жиҳати, муҳим хусусияти унинг муқаддимасидир. Ушбу муқаддимадан Ислом дини ҳақида, унинг дастури Қуръони Карим ҳақида маълумотлар ўрин олган. Муқаддима ўқувчини Қуръони Карим билан таништиради, уни ўқиш, англаш ва ундаги илоҳий кўрсатмаларга амал қилишга ундайди. Шу боис, муаллиф Қуръон ўқишни инсон умридаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси, деб атайди.
«Таълим ва тарбия» китобида қалб ва унга тегишли бўлган ижобий ва салбий ҳолатлар тўғрисида, қолаверса, қалбга бўладиган ташқи ва ички таъсирлар, ҳужумлар, тажовузлар ва яна бошқа нарсалар тўғрисида ҳам маълумотлар берилган.
Изоҳ (0)