Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги «Мевазор» маҳалла аҳлининг «Дарё»га қилган мурожаатига қулоқ тутганимизда, аҳоли 3 йиллик муаммоси ҳал бўлмаётганидан шикоят қилди. Маҳалла аҳлининг билдиришича, ҳеч қайси мутасадди ташкилот ушбу ҳудуд аҳолиси муаммоси билан заррача ҳам қизиқмаётган экан. Маълум бўлишича, ҳудуддаги 9/4, 10/28 кўп қаватли уйлар ёнида жойлашган чиқиндихонадан чиқаётган бадбўй ҳид аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Фото: «Дарё»

«10 йилдан бери шу ерда яшайман, — дейди Мукаррам Тагзиева. – Сўнгги 3 йил давомида ушбу ҳудуддаги чиқиндихонадан чиқаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмай қолди. Келиб тозалаб кетишади, аммо чала тозалашгани боис ҳам бадбўй ҳид кетмайди. Аксинча, баттар сасийди».

Аҳоли вакилларининг айтишича, чиқинди учун тўловлар МИБ ходимлари томонидан олдиндан ундирилади. Аммо чиқиндини тозалашга келганда эса «масъуллар қуён бўлади».

Фото: «Дарё»

«Пулни олдиндан олишмоқда, аммо чиқинди тозаланмаяпти-да, — дейди аҳоли вакиллари «Дарё» мухбири билан суҳбатда. — Ширкат раисига айтсак, «менга айтманглар ана МИБга айтинглар» дейди. Тўғри, энди чиқинди учун тўловларни МИБ ундираяпти. Аммо МИБга айтсак ҳам фойдаси бўлмаяпти-да. Нима қилишга бошимиз қотди».

«Чиқинди учун тўловни ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда МИБ ундираяпти, — дейди Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими инспектори Гулноза Дилмуродова. – Аммо бу дегани чиқиндини ҳам МИБ олади деганимас. Аҳолидан чиқинди учун ундирилган пул мана шу ишга масъул ташкилот ҳисоб рақамига тушади. Шундай экан, бу борада ўша ташкилотлар масъулиятлироқ бўлишса, мақсадга мувофиқ бўларди».

Фото: «Дарё»

Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, чиқинди учун олдиндан пул ундирилаётганию, чиқиндихона аҳволи ўнгланмаётгани хусусида аҳоли туман ҳокимлиги, туман «Тоза ҳудуд» ва туман Санитария ва эпидемиология назорат маркази мутасаддиларига ҳам мурожаат қилган.

«Туман ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилдик, — дейди Умида Чориева. – Ҳалигача на жавоб беришди, на муаммоимизни келиб ўрганишди. Ўтган сафар вилоят телевидениесидан ҳам келиб ўрганиб кетишди. Съёмка ҳам қилишди. Аммо эфирга кетмади. Ҳатто телевидение ҳам муаммога кўз юмди».

Мукаррам Тагзиева ва Умида Чориева.

Мукаррам Тагзиева ва Умида Чориева.
Фото: «Дарё»

Мукаррам Тагзиева ҳам бу борада туман Санитария ва эпидемиология назорат марказига, «Тоза ҳудуд» корхонасига мурожаат қилганини, аммо масъуллар «чора кўрамиз»дан нарига ўтишмаганини айтмоқда.

«Ўзим бир неча маротаба «санэпидемстанция», «Тоза ҳудуд»га бордим, — дейди Мукаррам Тагзиева. — Муаммони айтдим. Ҳар сафар «чора кўрамиз» дея такрорлашдан чарчашмайди. Амалий натижа йўқ».

«Қарши туманидаги «Мевазор» маҳалласидаги чиқинди билан боғлиқ муаммодан хабаримиз йўқ экан, — дейди вилоят экология ва атроф муҳитни назорат қилиш бошқармаси ҳузуридаги Санитар тозалаш хизматлари ташкил этиш маркази раҳбари Нурбек Наврўзов. – Агар мурожаат қилишганда билардик, демак бизга бу борада билдиришмаган».

«Мевазор» маҳалласида жойлашган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Фазлиддин Жўраевнинг айтишича, «Тоза ҳудуд» ишчилари чиқиндини чала олиб кетишига ёқилғи борасида муаммоларини сабаб қилиб кўрсатишган.

Фазлиддин Жўраев (ўнгда).

Фазлиддин Жўраев (ўнгда).
Фото: «Дарё»

«Чиқиндини олиб кетаётган «Тоза ҳудуд» ишчи ва ҳайдовчиларига чиқиндини тозалаб олишлари лозимлигини айтганимда ёқилғиси камлигини баҳона қилиб, «кейинги сафар олиб кетамиз» дейишган», — дейди ширкат раиси Фазлиддин Жўраев.

Умида Чориеванинг қўшимча қилишича, илгари чиқинхона ҳозир жойлашган манзилидан 10-15 метр нарида бўлиб, «чиқинди муаммосини ҳал этамиз» деб, чиқиндихонани ҳозирги турган жойи — «дом»га яқинроқ ҳудудга кўчиришган.

«Олдин чиқинди тўкиладиган жойни ҳамма томони очиқ бўлгани боис, бузиб ташлашиб «дом»имизга яқин жойга кўчиришди, — дейди Умида Чориева. — Ширкат раиси эса чиқинди сочилиб кетмасин деб, уч томонини ёпиб қўйди. Аммо чиқиндини тозалаб кетишга масъул бўлганлар ҳар сафар уюлиб кетган чиқиндиларнинг устки томонини олишиб, чала қолдириб кетишади. Оқибатда эса «чиқиндининг бадбўй ҳидидан баҳра олиб яшаяпмиз».

Аҳоли сўзига кўра, чиқиндихона ёнида ичимлик суви келадиган сув жўмраги бор бўлиб, чиқинди суви ўша жўмраккача оқиб келар экан.

«Сув оладиган «кран»имизгача чиқинди оқиб келади, — дейди Мукаррам Тагзиева. – Шамол турса, ҳар хил чиқинди қоғоз ва пакетлар учиб келади. Тозалашдан чарчаймиз. Шанбаликлар ташкил қилиб, тозалашга ҳаракат қилиб кўрдик, аммо эплолмадик. Боиси, халта-халта чиқинди келтириб ташлашган. Кўтара олмадик».

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, ушбу ҳудуддаги чиқиндихона 3 та кўп қаватли уй учун мўлжалланган бўлса-да, чиқиндихонага «Мевазор» маҳалладасиги хонадон аҳли ҳам «Сахтапиёз» маҳалласи аҳли ҳам чиқинди ташлайди.

«Домда яшовчилардан халта-халта кул чиқмайдику, — дейди Умида Чориева. – Ярим кечаси келиб ташлаб кетишадими билмайман, ҳар сафар чиқиндихонада халта-халта «мусор» йиғилиб қолади».

«Мевазор» маҳалласидаги хонадонларнинг бирида яшовчи Диёр Зоҳиров ҳам ушбу кўп қаватли уйларнинг ёнидан ўтишда қийналишини, чиқиндихонадан чиқаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмаслигини, бу айниқса ёш болалар соғлиғига зарар етказаётганини айтмоқда.

Диёр Зоҳиров.

Диёр Зоҳиров.
Фото: «Дарё»

«Шу ердан ўтишга қийналаман, — дейди Диёр Зоҳиров. – Оғзи, бурнимни ёпиб ўтаман. Ҳидига чидаб бўлмайди. Баҳор ва ёз ойларидаги аҳволни кўрсангиз «дод дейсиз». Бундан чиқаётган ҳид сал наридаги болалар ўйингоҳида ўёнаётган фарзандларимизнинг соғлиғига зарар етказмаслигига ким кафолат беради?»

70 ёшни қоралаган Гулнора момо Мурзатова ҳамда Мусурмон Умаровлар ҳам ушбу чиқиндихона аҳоли саломатлигига зарар етказаётганини, чиқиндихона ушбу ҳудуддан кўчирилиши ёки бинойидек тозаланиши кераклигини билдиришмоқда.

Фото: «Дарё»

«Ушбу чиқиндихона тозалигини таъминлаш мақсадида бир нафар ишчи жалб қилдик, — дейди ширкат раиси Фазлиддин Жўраев. – Аммо аҳоли 1000 сўмдан беришга ҳам қийналди. Оқибатда ишчига меҳнати учун пул бериш муаммо бўлиб қолди».

Фазлиддин Жўраевнинг маълумот беришича, ўтган йили 86 миллион маблағ эвазига ушбу кўп қаватли уйлар олдидаги йўлак таъмирланган, кўча чироқлари ўрнатилган. Ҳатто «дом» олдида болалар ўйингоҳи ҳам барпо этилган.

Болалар ўйингоҳи.

Болалар ўйингоҳи.
Фото: «Дарё»

Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Қарши шаҳридаги «Кўлбўйи» кўчасида яшовчи аҳоли ҳам «Дарё»га қилган мурожаатида чиқиндиларга 2–3 ой олдиндан пул тўлаб қўйишгани, бироқ чиқиндини олиб кетишга масъул бўлган ташкилотдан 2 ойлаб дарак бўлмаётганидан шикоят қилган.

Кўлбўйи аҳолисининг мазкур эътирозига жавоб олиш мақсадида мутасадди ташкилот «Қашқадарё экотранс» МЧЖ раҳбари Улуғбек Зиёдуллаев билан боғланиш учун қилган ҳаракатларимиз зое кетди.

Фото: «Дарё»

Қарши туманидаги «Мевазор» маҳалла аҳли билан суҳбатлашиб бўлгач, ортга қайтар чоғи уларнинг «Сизлар ҳам муаммоимизни эшитиб бўлгач, жим бўлиб кетасизларми», дея берган саволи жуда қаттиқ ботди. Боиси, мурожаатчиларда аллақачон нафақат мутасаддиларга, ОАВга нисбатан ҳам ишончсизлик пайдо бўлган. Шак-шубҳасиз ўша туман мутасаддиларининг биргина эътиборсизлиги сабаб бунга...

Изоҳ
Асосий янгиликлар