Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги 3584-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан миллий ташувчи Uzautotrans Service МЧЖ ва Қозоғистонинг KazAvtoTrans корхонаси «Тошкент—Остона—Тошкент» йўналишида мунтазам халқаро автобус қатновини йўлга қўйди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади «Халқ сўзи».
Мазкур йўналиш масофаси 1 646 километр бўлиб, йўловчилар 27 соат 30 дақиқада манзилига етказилади. Йўл ҳақи 312 минг сўм этиб белгиланган. Мазкур йўналишда Қозоғистон томонидан VANHOOL Ўзбекистон томонидан эса замонавий YUTONG автобуслари хизмат кўрсатади.
Остонадан автобуслар Қозоғистон вақти билан 15:00, 16:00, 17:00, 18:00 да йўлга чиқади. Тошкентдан эса 12:00, 14:00, 16:00, 18:00 да жўнаб кетади. 10 март кунидан эътиборан мазкур йўналишда ҳар куни 1 тадан рейсни амалга ошириш режалаштирилган. Келгусида эса қатновларни кунига 4 маротабага етказиш кўзда тутилган. Мазкур йўналиш бевосита Қозоғистонинг Қарағанда шаҳри орқали ўтади. Айнан бу ерда ҳам йўловчиларни тушириш ва олиш назарда тутилган. Қарағанда шаҳригача йўлкира нархи 260 минг сўмни ташкил этади.
Шу кунга қадар Қозоғистон Республикасига «Тошкент—Чимкент», «Тошкент—Олмаота», «Тошкент—Қизил Ўрда», «Тошкент—Туркистон», «Нукус—Ушкунур», «Чирчиқ—Ушкунур» йўналишларида қатновлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)