Одатдагидек, ҳафта ўртасида ҳам ижтимоий тармоқдаги энг кўп муҳокамага сабаб бўлган, машҳур постларни ўртоқлашишни бошламоқдамиз.
Сериалларга ишқибозлик неча юз минг долларга тушди?
Ўзбек интернет тармоғида шу кунлардаги энг муҳокамали мавзу, бу эски касаллик, шоу-бизнес мавзуси бўлди. Тошкентга қайсидир сабаб билан келган турк актёри Бурак Ўзчивитнинг келишидан кўра бойвачча хонимлар унга сарфлаган бир неча юз минг доллар кўпроқ баҳс келтириб чиқарди. Буни эшитган тармоқ фойдаланувчиларидан айримлари ҳайратга тушди, айримлари исрофдан нафратланди. У билан суратга тушган аёллар ҳақида салбий фикрлар билдирдилар. Улардан айримларини келтирамиз.
Дима Қаюм* * *Турк актёри 400 минг долларга яқин пул ишлаб олибди биздан…
Онкологик шифохонадаги болалар…
Юраги порок бўлган гўдаклар…
Ночор оилалар…
Бева-бечоралар…
Қариялар…
Ногиронлар…
Бор эди.
Уялинглар!!!
Хуршид Ҳабиб* * *#choyichish
2002 йили Япония ва Жанубий Кореяда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан кейин япон қизлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб турк футболчиси Ильхан Мансизни ёқтириб қолишган ва Мансиз Японияга бир неча марта «чой ичгани» борган. Шу маънода «чой ичиш» фақат бизнинг аёлларимизнинг камчилиги эмас. Ярашмаган томони ўртача (тоза) ойлик 100–150 доллар атрофида бўлган мамлакатда пулни маза-бемаза нарсага сарфланганидир. Ундан кўра шу пуллар Дима Қаюмнинг хайрия ишларга берилса яхши бўлмасмиди?
Уволи тутсин.
Барно Султанова* * *Ҳаётда пулдан ҳам қиммат турадиган сотилмас, сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар бор. Бу ор, бу ғурур. Турк актёри учун тўланган пул ҳисоб-китобини қилмоқчи эмасман. Ўша биргина реклама учун турк актёрини чақирганимиз учун унинг оёғига пояндоз бўлганимиз учун ҳайратланасан киши. Ор учун ташлашмаймизми, ғурур учун талашмаймизми? Ачинарлиси, қизларнинг уни ўраб олиб суратга тушгани, янаям хунуги, овқат еётган актёрнинг пешонасига бориб олиб талашиб-тортишиб суратга тушгани. Қанча сурат кўрган бўлсам, атрофида ёш-ёш қизлар. Фахр билан суратга тушяпти. Энг одамни ижирғантирадигани, уни овқат ейишга ҳам қўймаётгани, энг кулгилиси, актёрнинг ўзи хўрлангандек шумшайиб ўтиргани, тургани. Бу нима, биласизми? У ҳайратда, аёлларимизнинг юзсизлигидан, сирти маданиятли кўрингани билан, ички маданияти йўқлигидан ҳайратда!!! Баъзи аёлларнинг Туркияда ёмон номи чиқиб келаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Буни ишсизликка, пулсизликка йўйманг. Инсон ғурури, ори билан ҳайвондан фарқ қилади. Ҳамма оч қолаётган, пулсиз яшаётган аёллар ўзини сотаверса, андиша, ҳаё, ибо деган тушунчаларни луғатдан ўчириб ташлашга тўғри келади. Мана шу турк актёрини чақириб фалон пулни беқадр қилиб сочиб ташлашимизнинг ўзи бизда ғурур, ор йўқлигидан дарак. Суратларига, видеоларига қарасангиз, ўзини жуда ноқулай ҳис қилаётгани кўриниб турибди. Агар салгина жилмайса, қучоғига кириб кетишидан қўрққандир шўрлик. Сизлар учун, шундай аёллар борлиги учун у уялиб кетгандир. Шаҳримиз чиройли, меҳмонхоналаримиз даҳшатдир. Хизмат кўрсатишга гап йўқ. Овқатлари фалон пул. Аммо актёрни бир лаҳза ҳам тинч қўймаган, овқатининг устига чиқиб олган қизлар, аёллар худди ибтидоий жамоада яшаётгандек тасаввур уйғотади одамда. Худди актёр жунглига бориб қолгану, қабиладаги одамлар четдан келган сайёҳларга оғзини очиб қараб қолгандек тасаввур уйғотади одамда.
Тролл Football UZ* * *Маълумот ўрнида, жаҳоннинг энг кўп маош олувчи футболчиси Лионель Месси кунига 296 400 евро, ундан кейинги ўриндаги Криштиану Роналду эса 24 соат ичида 167 850 евро маблағ топади.
Ҳамза Жумаев* * *Пулку майли, хотин-қизларимизнинг ори, ғурури ҳам Буракжон пойига тушибди... Ҳой «эркак»! Хотининг, опанг, синглинг, қизингни йиғиштиролмасанг, сенга Ватанни ишониб бўлмайди!
Шуҳратбек СамоБурак Туркияга боргач, хотини Фахрияга «Ўзбекистондан не нозанинлар атрофимда гирдикапалак бўлишди, аммо мен...», деса ҳам ажаб эмас. Аммонинг уёғини ёза олмайман. Нима бўлгани менга қоронғу. Агар Бурак Ўзчивит одобли инсон бўлса, ўзбек қизларининг бу қилиғи ҳақида гапирмаса керак. Ишқилиб шундай бўлсин.
Музаффар Абдураҳимов* * *Бу кеча анови Кемал билан нонушта қилганларнинг эрлари ўзларин энг бахтли одам деб ўйлашса керак, чунки хотинлари бугун уларни Кемалим деб чақиришади.
Муҳаммад Темур Аъзам* * *Буроқ отни боқиш анча қиммат эканей.
Мавзуга доир энг оригинал изоҳлар учлиги.
Ўқиш ҳам пуллик, имтиҳон ҳам пуллик…
Кейинги мавзу норматив ҳужжатлар муҳокамасига қўйилган тест синовларига киритилаётган ўзгаришлар лойиҳасига нисбатан билдирилган муносабатлар бўлди. Лойиҳага кўра, қайта топширувчи абитуриентлардан энг кам иш ҳақи миқдорида бадал пули тўланиши белгиланиши фойдаланувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Барно СултановаУшбу пост ўқувчилар томонидан қўллаб-қувватланди, буни у олган like’лар, ёзилган изоҳлар ва share’лар сонидан кўришингиз мумкин.Олий ўқув юртига ҳужжат топшириш 202 730 сўм эмиш. Ахир қишлоқлардан йўлкирасига зўрға пул топиб келадиганлар бор. Энди тестлар шаффоф бўляпти деганимизда пул ишлашнинг яна бир қонуний йўлими бу? Чет билан солиштирмоқчи бўлаётганлар: Олдин турмуш фаровонлигимиз хорижнинг даражасида бўлсин!!! Олдин ойликлар кўтарилсин, олдин ҳамма иш билан таъминлансин!!! Нега ҳужжат топшириш учун пул тўлаш керак? Нега? Бир оилада икки фарзанди ҳужжат топширадиганлар бор. 200 минг дорига пул тополмаётганлар бор. Ахир институтларга фақат ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари топширмайдику!!! Газетага мажбурий обуна йўқолсин, қишлоқларда ўша 200 мингни топиш ҳам амримаҳол дея аюҳаннос солдик. Бу бекорга кетдими? Қачон халқни талашни бас қиласизлар? Тепада буни ўйлаб топаётганлар учун 202 минг сўм ҳеч нарса эмасдир. Аммо оддий халқчи? Оладиган ойлигини тўловларга тўласинми, касалига ишлатсинми, фарзандини боқсинми ёки ҳар хил жойдан чиқиб келаётган турли хил мана шундай тўловларга сарфласинми? Чет эл институтларига ҳужжатларни таржима қилдириш учун 35 минг топиб беролмаган пайтларимиз бўлган. «Ўтолмай қолсачи, 35 мингга куйиб қоламизми?» деган иккиланишларимиз бўлган. Ҳозир ҳам ҳужжат топшириб ўтолмай қолганлар 200 минг пули куйганига ичи ачийдиганлар бор. Қайси мезонлар ҳисобга олинди ва улар тўлайдиган, халқдан йиғиладиган миллиардлаб пул нимага хизмат қилади?
Telegram каналларига навбат
Блогер Ғайрат Йўлдошнинг оммабоп «Қизиқарли харита» каналида дунёдаги ажабтовур мавзулар бўйича давлатларнинг чиройли суратлар билан бериб бормоқда. Постлардан бирида қуйидаги ноодатий харита акс этган.
Twitter’чилар давом эттиради
Тандирдай катталикдаги ямалари бор йўлдан реконструкцияга тушиб ҳам хароба ҳолатда ётган бозор олдидан нетдан музлаган дарё устидан аварийни кўприкда ўтаётган болаларни расмини кўриб ишга кетаётган Матниёзни бошида бир ўй чарх уриб айланарди: Пахтакор гуруппадан чиқа олармикан?
— Призрачный Гонщик (@Gonshik42) February 20, 2019
Ёзинг, хитойликлар хурсанд бўлади.
— Файзуллоҳ Ўринбоев (@UrinboyevF) February 20, 2019
Қор қўлим тафтида 6 секундда эриб кетди. Ишонч эвазига қурилмаган муносабатам шунақа нарса дидим ўзимга ўзимдан донишманд ясаволиб
— Bemalolxo'ja (@xotirijam) February 20, 2019
Ижтимоий тармоқдаги ранг-баранг фикр-мулоҳазаларни биз билан кузатишда давом этинг.
Исроил Тиллабоев тайёрлади.
Изоҳ (0)