Олимлар АҚШнинг ғарбий қисмидан Шимолий Американинг энг қадимий тираннозаврларининг қолдиқларини топди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Олимларнинг фикрича, «Мезозой даври қироллари» фақатгина динозаврлар даврининг сўнгига келибгина улкан ҳайвонларга айланган. Унгача эса танаси у қадар катта бўлмаган.
«Тираннозаврлар мустаҳкам жағ суяклари, ўткир кўриш қобилияти ва тез ўсиши туфайли қуруқликда 15 миллион йил яшаган. Аммо улар ҳар доим ҳам «тоғ қироли» бўлмаган. Эволюциясининг биринчи босқичида улар аллозавр ва бошқа йиртқичларга ўрин берган. Аммо улар қачон беозор жонивордан йиртқич ҳайвонга айлангани ҳозирча бизга номаълум», — дейди Шимолий Каролина университети (АҚШ) вакили Линдси Занно.
Сўнгги йилларда тираннозаврлар ва Мезозой даврининг энг йирик икки оёқли йиртқич динозаврлари бўлмиш тетанурларнинг ташқи кўриниши тубдан ўзгарган.
Бугунги кунда олимлар тираннозаврларни «Юра даврига саёҳат» ёки бошқа фильмлардаги каби ўткир тишли бўлмаган ва танаси тангалар билан қопланмаган деган фикрда. Аксинча, улар қанотли жонивор бўлиб, тишлари ички лаблари ортига яширинган бўлган.
«Мезозой қироллари» аслида йиртқич бўлганми ёки ўлаксахўрми, уларнинг қай даражада тез ўсгани, янги туғилган болалари қандай кўринишда бўлгани ҳозирча номаълум. Баъзи палеонтологлар ёш тираннозаврлар катталарига ўхшамаслигини, ҳатто бошқа егуликлар билан озиқланганини айтади. Аммо бу назария ҳали тасдиқланмаган.
Занно ва унинг ҳамкасблари бу саволларнинг кўпига жавоб излаб, Юта штатида қазилма ишларини олиб борган. У ердан тахминан 97-95 миллион йил илгари шаклланган турларни топган. Бу эса илк улкан динозаврлар пайдо бўлишидан анча олдинги вақт. Ўн йиллик изланишдан сўнг Занно ва унинг жамоаси ноодатий тираннозаврнинг тишлари ва оёқ суякларини топган. Суяклар оғирлиги 87 килограмм, узунлиги 1,2 метр бўлган жуда нозик динозаврга тегишли бўлган. Унинг катталиги гавдали ит ёки буғудек келган. Олимлар унга Moros intrepidus, яъни «ҳалокатнинг қўрқмас хабарчиси» деб ном берган.
Унинг суяк қолдиқларини бошқа қадимий йиртқичларники билан солиштирганда, олимлар уни бир неча йил олдин Ўзбекистондан топилган «Темурланг» тираннозаври ҳамда Хитойдан топилган дилунга қариндош эканини аниқлаган.
Изоҳ (0)