Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек тумани тадбиркорларининг туман ҳокимлиги устидан шикоятлари акс этган постлари пайдо бўлди. Улар ҳокимлик Буюк Ипак Йўли кўчасидаги барча вывеска (дўкон номлари ёзилган тахталар) ва реклама баннерларини олиб ташлашга мажбур қилганлигидан шикоят қилмоқда, деб ёзади «Новости Узбекистана».
Ўз навбатида, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги вазиятни изоҳлаб, охирги вақтларда ташқи реклама кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётганлигини маълум қилган. Хоҳлаган нарсасини ўзбошимчалик билан илиб қўяётган тадбиркорлардан туман аҳолиси ва маъмурияти норози бўлаётганлиги билдирилган.
«Бизнинг умумий вазифамиз, яшаётган туманимиз ён-атрофини нафақат тозаликда сақлаш, балки маҳаллий анъаналар ва одатларни сақлаб қолишдан иборат», — дейилади Мирзо-Улуғбек ҳокимлигининг Facebook’даги саҳифасида.
Туман ҳокимлиги Буюк Ипак Йўли кўчаси фасадларидаги рекламалар нафақат шаҳарни безаши, балки тушунарли бўлиши ҳам кераклигини таъкидлайди.
Бироқ тадбиркорлар ҳам, туман аҳолиси ҳам ҳокимликнинг бу фикрини қўллаб-қувватламаган. Аксарият фуқаролар ёрқин ва чиройли рекламаларни қўллаб-қувватлаб фикр билдирган.
Изоҳ (0)