Фарғонада фермернинг ер майдонига ўзбошимчалик билан уй-жой қурган фуқароларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чораси тайинланди, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Aгросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Фарғона вилояти бошқармаси Фарғона туман бўлимига фермер хўжалиги раҳбари Г.Г. ариза билан мурожаат қилди. Унинг аризасида фермер хўжалигининг ҳисобидаги 1,42 гектар экин майдонига бир гуруҳ фуқаролар томонидан ноқонуний равишда уй-жой қуриб олинганлиги сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида 2018 йилда Фарғона тумани «Файзобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 24 нафар фуқаро тумандаги муқобил машина трактор парки ҳудудида жойлашган фермер хўжалигининг ҳисобидаги пахта ва ғалла экиш учун режалаштирилган экин майдонларини ҳеч қандай ваколатга эга бўлмасдан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, уй-жой қурганлиги аниқланган.
Инспекциянинг Фарғона тумани бўлими томонидан уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқиш учун туман маъмурий судига юборилган.
Фарғона туман маъмурий суди томонидан очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилиб, мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилди. Хусусан, фуқаролар Б.Т, Д.О, Б.О ва бошқалар фермер хўжалигига қарашли ер майдонига ҳар бири 0,8 сотих майдондан ваколатли органнинг ҳеч қандай рухсатисиз ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олганлиги аниқланган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси билан уларга энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)