Халқлар икки туркумга бўлинади: кўчманчилар ва ўтроқлар. Ўтроқлар бир жойда қўним топиб яшаса, кўчманчилар доимий равишда бир жойдан иккинчи жойга кўчиб яшайди. Бу уларнинг ҳаёт тарзи. Лекин бугунги дунёда, айни вақтда шундай халқлар борки, улар аслида ўтроқ бўлишига қарамасдан, кўчиб юришга мажбур. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов ўз мақоласида айнан мана шу халқлар ҳақида сўз юритади.
2011 йилда Шимолий Африка ва Яқин Шарқнинг қатор араб давлатларида бошланган ва кейинчалик фуқаролар урушларига айланиб кетган «Араб баҳори» ўз ортидан катта вайронагарчилик ва инсонлар қонининг тўкилишидан ташқари яна бир катта муаммо — миграция муаммосини юзага чиқарди. Уруш оловидан ва ишсизликдан қочган минглаб қочқинлар турли йўллар билан Ғарбий Европага қараб оқиб кела бошлади. Бу жараён 2015 йилда ниҳоятда кучайди. Муҳожирларни қабул қилиш истагини билдирган дастлабки давлат Германия бўлди.
Қочоқлар Германияга бориш асосан икки йўналишни танламоқда. Биринчиси Туркия–Болқон–Германия йўналиши бўлса, иккинчиси — Ливия–Италия–Германия. Биринчи йўл нисбатан хавфсиз, шунинг учун аксарият муҳожирлар шу йўналишни танламоқда. Бу йўналиш орқали келаётган муҳожирларнинг асосий қисми Яқин Шарқ (Сурия, Ливан, Ироқ), Жанубий ва Марказий Осиё (Покистон, Бангладеш, Афғонистон) давлатларидан.
Иккинчи йўлдан Ўрта Ер денгизи орқали асосан Миср, Эритерия, Нигер, Марокаш, Мали каби Африка давлатларидан келаётган муҳожирлар томонидан фойдаланилмоқда. Муҳоҳирлар Европага кетадиган кемаларга ўтириш учун асосан Ливия қирғоқларидан фойдаланмоқда. Бу йўл эса энг хатарлисидир. БМТнинг миграция масалалари бўйича ташкилоти ҳисоботларига қараганда, биргина 2015 йилнинг ўзида 3 329 киши денгизга ғарқ бўлган. Бунинг асосий сабаби эса узоқ саёҳатга мўлжалланмаган қайиқлардан фойдаланилишидир. Ана шундай қайиқларда йўлга чиққан муҳожирларнинг 630 нафари ўтган йил ёзида Aquarius кемаси экипажи томонидан қутқариб олингани катта шов-шувларга сабаб бўлди. 9 июндан 10 июнга ўтар кечаси қутқариб олинган муҳожирларни қабул қилишни истамаган Италия ва Мальта ўз қирғоқларини Aquarius учун ёпиб қўйди ва кема 17 июнь куни Испаниянинг Валенсия шаҳри қиргўғига етиб борди. Улар Франция ва Испаниядан қўним топди.
Муҳожирлар Европада доимий қолиши учун расмий равишда «сиёсий қочқин» мақомини олиши керак. Акс ҳолда уларнинг қолиши қийин. Аммо бундай мақомни олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун нима қилиш керак? Аввало, оддий муҳожир ва қочоқнинг фарқини билиб олишимиз лозим бўлади. Муҳожир — ўзи яшаб турган давлатидан иқтисодий, сиёсий ва иқлимий сабабларга кўра бошқа давлатга кўчиб келган шахс. ЕИга аъзо давлатлар учун ҳамма қочоқлар муҳожир, лекин ҳамма муҳожирлар ҳам қочоқ бўлавермайди. Расмий «қочоқ» мақоми 1951 йилги Женева конвенцияси ва унинг 1967 йилги протоколи билан белгилаб қўйилган. Мазкур ҳужжатларни имзолаган давлатлар ўз мамлакатида «дини, ирқи, миллати, бирор ижтимоий гуруҳга аъзолиги ва сиёсий фикрлари учун таъқибга учраган ва ҳаётига хавф туфайли» бошқа давлатда қўним топган шахсларни қочоқ деб ҳисоблашади.
2015 йилдан буён муҳожирларни қабул қилиш бўйича Германия етакчилик қилиб келмоқда. 2017 йил якунлари бўйича Германия қабул қилган муҳожирлар сони 1миллион 410 мингни ташкил этади. Ундан кейинги ўринларда Франция (402 000), Италия (355 000), Швеция (328 000), Австрия (173 000) ва Греция (83 000) давлатлари туради.
Ўрта Ер денгизи орқали Европага бораётган муҳожирлар оқими 2015 йилга нисбатан анча камайган бўлса-да, ҳамон давом этиб келмоқда. 2015 йилда денгиз орқали 1 миллион муҳожир Европага келган бўлса, 2018 йилнинг дастлабки 16 ҳафтасида бу кўрсаткич 18 939 тани ташкил қилган. Ушбу вақт мобайнида денгизда ҳалок бўлганлар сони 570 нафарни ташкил қилади. БМТнинг муҳожирлар бўйича олий коммиссариатнинг маълумотларига қараганда, 2018 йил давомида Европага денгиз орқали келганлар сони 107 192 нафарни ташкил қилмоқда. Денгизда ҳалок бўлганлар сони эса 2 133 нафарни ташкил қилади.
Статистик маълумотларга қараганда, муҳожирларнинг 85 фоизи ривожланаётган мамлакатлар ҳисобига тўғри келади. Бундай муҳожирларни иқтисодий муҳожирлар қаторига қўшиш мумкин. Улар иш ва кўп пул топиш мақсадида Европага келган. Қочоқлар лагерларга жойлаштирилади ва уларга мақом сўраш учун маълум вақт белгиланади. Қочоқ мақомига эга муҳожирлар орасида Сурия ва Эритериядан келган муҳожирлар етакчилик қилмоқда. Уларни қабул қилувчи давлатлар орасида Германия етакчилик қилаётган бўлса, ундан кейинг ўринда Франция бормоқда.
Мақола сўнгида БМТнинг қочоқлар бўйича олий комиссарияти томонидан 2019 йил 10 январь ҳолати бўйича Европага йил бошидан қанча одам келгани ҳақидаги статистикани ҳавола этамиз. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра йил бошидан 1 304 нафар муҳожир Европага кириб келган. Шундан 1 138 нафари денгиз орқали келган бўлса, 166 нафари қуруқликдан келган.
Биргина мақолада бутун муаммони қамраб олиш жуда мушкул. Шунинг учун, биз баъзи рақамларга мурожаат қилиш билан кифояландик.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)