Фарғонада кам таъминланган оилалар вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларга 209 та янги уйларнинг калити топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Фарғона тумани «Миндонобод» мавзесида 105 та, Учкўприк тумани «Муллазойир» мавзесида 104 та замонавий уй бунёд этилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан зарур жиҳозлар билан таъминланган икки ва уч хонали хонадонлар Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Тошлоқ, Қўштепа, Фарғона, Учкўприк туманларида яшовчи бир гуруҳ имконияти чекланган фуқароларга совға қилинди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев янги хонадон эгаларини қутлаб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда эканлигини таъкидлади.
— Беш фарзандим ва набираларим билан бир хонадонда истиқомат қилишга мажбур эдик. Энди кенг, шинам, барча шароитлари бўлган уч хонали уйга эга бўлдим. Бу менга чинакам байрам совғаси бўлди, — дейди Қувасой шаҳридаги «Юқори Муайн» МФЙда яшовчи Муҳаббат Дадажонова.