«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтаётган BuildExpoUzbekistan – 2018 кўргазмасида замонавий декоратив қопламалар, сантехника ускуналарининг энг сўнгги нусхалари, қурилиш материаллари, ойна, эшик ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Бу ерда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Россия, Германия, Португалия, Туркманистон ва Украина давлатларининг 50 га яқин компанияси ўз маҳсулотларини тақдим қилмоқда.
EXPO POSITION МЧЖ томонидан «Ўзқурилишматериаллари» АЖ ва Ўзбекистон мебель саноати корхоналари уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада қурилиш саноатининг сўнгги ютуқлари намоён бўлмоқда. Бу алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш имконини беради.
Mega Invest Industrial МЧЖ базалт толалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2017 йилда Жиззахда умумий майдони 10 минг квадрат метрдан иборат завод қурилди.
«Завод қуввати йилига 3 минг тоннадан ортиқ базалт толаси ишлаб чиқариш имконини беради. Бунинг учун қазиб олинган хом ашёнинг 80 фоизидан фойдаланамиз, қолгани турли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга кетади. Шахсий лабораториямизда портлаш қуввати ва тола сифатини аниқлашга доир физикавий синовларни ўтказишимиз мумкин», — дейди бош менежер ўринбосари Рамир Аҳмедиев.
Маълумки, базалт пўлатга нисбатан 50 фоиз арзон ва зангламайди, уни ташишда катта юк автомобиллари ижарасига пул сарфлаш шарт эмас. Чунки базалт беш баробар енгил бўлиб, ўрамларга ўралади. Яна бир афзаллиги шундаки, монтаж қилинганда пайвандчи ва пайвандлаш ускунаси керак бўлмайди, демак электр энергияси ҳам тежалади.
Турли лифтлар ҳамда лифт ускуналарини ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи «Тошафус» Ўзбекистон—Корея қўшма корхонаси ҳам кўргазмада иштирок этмоқда. Жорий йилнинг ўзида корхона томонидан 500 дан ортиқ лифт етказиб берилди.
Кўргазма иштирокчиларидан яна бири GROHE компанияси сантехника ускуналарининг йирик ишлаб чиқарувчисидир. Бу ерда кўчма кўргазма ташкил этилган бўлиб, унда кулолчилик буюмлари, сувни тозалаш, турли функцияли душ тизимлари намойиш қилинмоқда.
«Биз истеъмолчига юқори сифатли турли маҳсулотларнинг кенг ассортиментини таклиф этаяпмиз, — дейди компания вакили Сергей Илюшенков. — Кўҳна ва навқирон Самарқандда ўз фаолиятимизни йўлга қўйиш ниятидамиз. Мамлакат бўйича 18 та дўконимиз бўлиб, уларни Бухоро ва Термиз шаҳарларида ҳам очиш режалаштирилмоқда».
Изоҳ (0)