Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни нефть-газ саноатидаги ишлар ҳолатини муҳокама қилиш ва соҳани янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» жамияти раҳбариятига геология-қидирув ишлари ва қазиб олиш ҳажмини ошириш, конларни модернизация қилиш ва янгиларини очиш, нефть-газ хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, инвестицияларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. Жаҳон тажрибаси асосида бу ишларга инвесторларни кенгроқ жалб қилиш, давлат ва инвесторлар манфаатини ҳимоя қилишни таъминлайдиган янги механизмлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, 2017–2021 йилларда углеводород хом ашёсини қазиб олиш дастурининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва уни молиялаштириш бўйича жорий йил якунига қадар таклифлар киритиш топширилди.
Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» жамияти бошқарув тизими мураккаб ва кўп поғонали бўлгани сабабли соҳада ислоҳотлар амалга оширилиши суст кечаётгани танқид қилинди.
Бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» жамиятининг ташкилий тузилмасини оптималлаштириш, тармоққа оид бўлмаган ташкилотларни тизимдан чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, такрорланувчи функцияларни бажарувчи бошқарув бўғинларини қисқартириш, тармоқдаги сервис корхоналарини ҳамда ёрдамчи ишлаб чиқаришларни давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларга бериш кераклиги таъкидланди.
Соҳадаги тўртта илмий-тадқиқот, изланиш ва лойиҳалаштириш институтлари негизида миллий нефть-газ илмий-тадқиқот институтини ташкил этиб, углеводородларни чуқур қайта ишлаш бўйича инновацион ечимлар топиш ва татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.
Изоҳ (0)