Самарқанд шаҳрида яшовчи Шерзод Жўрақулов 2017 йилнинг декабрь ойидан 2018 йилнинг октябрь ойига қадар жами 8 206 158 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев маълум қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суднинг 2017 йил 7 декабрдаги суд буйруғига асосан тўрт нафар фарзандининг моддий таъминоти учун Шерзод Жўрақулов ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/2 қисми миқдорида Парвинаой Усмоновага алимент пуллари тўлаши лозим бўлган. Бироқ Ш. Жўрақулов пулларни тўламай келган.Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ижро иш юритувига 2017 йилнинг 25 декабрида келиб тушган суд қарори асосида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси томонларга юборилган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочисининг бир неча бор расмий огоҳлантиришларига қарамасдан қарздор Ш.Жўрақулов 8 206 158 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган.
Давлат ижрочиси С.Исоқов томонидан 2018 йилнинг 12 октябрь куни қарздор Ш.Жўрақуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47/4- моддаси асосида маъмурий иш юритилиб, тўпланган ҳужжат қонуний чора кўриш учун Самарқанд шаҳар маъмурий судига юборилган.
Суднинг 2018 йил 8 ноябрь кунги қарорига асосан Ш.Жўрақуловга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб суд залидан қамоққа олинган.
Изоҳ (0)