Сурхондарё вилоятидаги табиий ва сунъий кўллардан жорий йилда 5 минг 100 тонна балиқ овланиб, истеъмолчиларга етказиб берилади, деб ёзади ЎзА.
Surxon fish agro prom Co масъулияти чекланган жамиятининг балиқчиликни йўлга қўйганига бир йил бўлди. Дастлаб Орол маҳалласи ҳудудидаги 6 гектар фойдаланилмай турган майдонда интенсив усулда кичик сув ҳавзалари барпо этишга киришилди. Уч гектар майдонда сув ҳавзаларини қуриш учун тижорат банкининг кредит маблағидан фойдаланилди. Хорижнинг ёпиқ сув айланма тизими мосламалари ўрнатилиб, Африка лаққа балиғи чавоқларини парваришлаш йўлга қўйилди. Эрта баҳорда 500 мингта чавоқ ташланди. Айни пайтда иккита ҳовуз ва иккита интенсив кўлда африка лаққаси, оқ дўнг пешона, карп ва оқ амур балиқлари парваришланмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, Сурхондарё вилоятида ёз мавсумининг бошқа ҳудудларга нисбатан узоқроқ чўзилиши балиқ чавоқларини бир мавсумда етилтириб, товар ҳолатига келтиради. Бунинг учун балиқни фақат белгиланган рацион асосида озиқлантириб, парвариш қилиш керак. Мазкур хўжаликда айнан ана шундай усул қўлланилгани ютуқлар омили бўлди. Дастлабки йилда воҳадаги балиқчилик хўжаликларига 35 миллион сўмлик балиқ чавоғи, истеъмолчиларга 75 миллион сўмликдан ортиқ сифатли балиқ маҳсулоти етказиб берилди.
Хўжаликда олти киши меҳнат қилади. Уларнинг самарали ишлаши учун зарур шароитлар яратилган.
Хўжалик мутасаддиларининг таъкидлашича, бу ерда балиқчилик кластери ташкил этилади, тайёр маҳсулот сақланадиган музлаткич барпо этилади. Озуқа ишлаб чиқарадиган ускуналар ўрнатилиб, инкубация цехи, қайта ишлаш корхонаси қурилади. Ошхона, савдо дўкони аҳоли хизматида бўлади. Балиқ овлаб, ҳордиқ чиқарадиган, сайр қиладиган хушманзара жой бунёд этилиб, экотуризм йўлга қўйилади. Бунинг учун тижорат банкидан 6 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи олиниши режалаштирилган.
«Балиқчилик кластерларининг уч йил давомида барча солиқлардан озод этилаётгани бизга манзур бўлди, — дейди Шуҳрат Раззақов. — Бу имтиёз қаддимизни тўлиқ тиклаб олишга кўмаклашади. Тежалган маблағ эвазига хўжалигимизни ривожлантириш, янги иш ўринлари барпо этиш имконияти кенгаяди. ‘Сурхондарёбалиқсаноат’ масъулияти чекланган жамиятидан олинган маълумотга кўра, воҳада 320 га яқин балиқчилик хўжалиги бу йил 5 минг 100 тонна балиқ етиштирмоқда. Ҳозиргача истеъмолчиларга 4 минг тоннага яқин парҳезбоп балиқ етказиб берилди».
Вилоятда янги лойиҳаларни ишга тушириб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар балиқчиликни янада юксалтириб, аҳолини арзон, сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)