Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсати соҳасининг ҳуқуқий асосларига бағишланган давра суҳбати ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Депутатлар, қонун лойиҳалари бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, экспертлар, талабалар иштирок этган тадбирда асосий эътибор янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларининг кенг жамоатчилик муҳокамасига қаратилди.
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонунининг янги таҳририда халқаро шартномаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимидаги ўрни ва моҳияти белгилангани билан аҳамиятлидир. Унга кўра, мамлакатнинг халқаро битимлари давлат ҳуқуқий тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ҳужжатда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми кенгайтирилган. Бу қоида давлат органларининг халқаро шартномалар соҳасидаги ишини мувофиқлаштириш бўйича мамлакат ташқи сиёсий идораси фаолияти самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Давра суҳбатида мутахассислар томонидан ёшларга Консуллик устави лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида маълумот берилди.
Тадбирда талабалар томонидан мавзуларга доир таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Изоҳ (0)