Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда халқ таълими тизимида инглиз тили ўқитилишида ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги миллий жамоасининг йиғилиши 3—12 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Халқ таълим тизимини ислоҳ этиш миллий вазифаларнинг энг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири замонавий меҳнат бозорининг талабларига жавоб берадиган ходимларни тайёрлаш учун инглиз тилини сифатли ўқитишдир.
Мактабларда инглиз тили ўқитишни ислоҳ этиш учун миллий жамоа тузилди ва унга ўқитиш, ўқув дастурлари ва материаллари, инглиз тили билиш даражасини баҳолаш тизимини ишлаб чиқишда мутахассислар жалб этилди.
Бугунги кунга келиб, жамоа бутун Ўзбекистон бўйича барча ўрта таълим мактабларида инглиз тили ўқитиш амалиёти бўйича бирламчи тадқиқот ўтказди. Тадқиқотнинг бирламчи натижаларини муҳокама этиш учун ҳамда бошланғич ва ўрта мактаблар учун дарсликларни тайёрлаш тажрибасини ўрганиш миллий гуруҳнинг семинарига Буюк Британиянинг мактабларда инглиз тилини ўқитиш бўйича консултант Венди Арнольд таклиф этилди.
Венди Арнольд инглиз тили ўқитиш ва янги авлод дарсликларини яратиш бўйича 25 йиллик тажрибага эга. Арнольд хоним Европа, Осий, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида таълим соҳасини ислоҳ этиш бўйича лойиҳаларда консултант сифатида ишлаган. У бошланғич мактаблар учун дарсликлар яратиш муаллифлар гуруҳи консултанти бўлиб ишлаган ва Ўзбекистон халқ таълими тизими билан яхши таниш.
Таълим тизими ислоҳотларида тизимли ёндашув муҳимлигини қайд этган ҳолда, Арнольд шундай деди: «Таълим тизими ва ўқув дастурлари ўзгариши ўқитувчиларни тайёрлаш тизими билан биргаликда олиб борилиши керак.»
Венди Арнольд ва миллий жамоа ҳамкорликда ўрта мактаб инглиз тили ўқитувчилари малакасини оширишнинг замонавий дастурини яратиш устида иш олиб боради. Ушбу дастур модули мамлакатнинг 17 университетида инглиз тили ўқитувчиларни тайёрлаш тизимида фойдаланилади.
Дастур якунига кўра, миллий жамоа маҳаллий ва халқаро илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда мактабларда инглиз тилини ўқитиш тизимини ислоҳ этиш бўйича ҳаракат режасини ишлаб чиқади.
Изоҳ (0)