Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 16 нафар жисмоний шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Жумладан, беш ҳолатда автомобилларни ювиш фаолияти, еттита ҳолатда автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойлари ташкил қилиш, икки ҳолатда махсус лицензиясиз гастрол концерт фаолияти билан шуғулланиш, икки ҳолатда савдо фаолияти билан шуғулланаётган «тадбиркорлар» аниқланган.
Жумладан, Самарқанд шаҳар, Жомий кўчаси 46-уй ертўласида кийим-кечаклар савдоси билан шуғулланиб келган А.З. фаолиятини бошлашдан аввал давлат рўйхатидан тадбиркор сифатида ўтмасдан фаолият юритган. Ўтказилган назорат тадбирида А. З. ҳеч қандай ҳужжатларсиз иш юритиб, 375 миллион 885 минг сўмлик 39 турдаги аёллар ва болалар кийим-кечакларини савдога қўйган. А.З.нинг савдога қўйган маҳсулотлари вақтинчалик далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
«Октябрь ойининг ўтган даври мобайнида 213 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди, — дейди Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Лочинбек Расулов. — 46 нафар фаолиятини вақтинчалик тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолияти тикланди. Шунингдек, 38 нафар ёлланма ишчилар рўйхатдан ўтказилди».
Изоҳ (0)