Аҳолининг нотариал хизматларга эҳтиёжининг ошганлиги нотариал идораларда навбатларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммони ечиш мақсадида Адлия вазирлиги республика бўйича нотариал идоралар ходимлари сонини 665 нафарга кўпайтирди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Жумладан, Адлия вазирининг буйруғи билан қўшимча 146 та нотариус (кўпайиш – 20 фоиз), 383 та нотариус ёрдамчиси (кўпайиш – 74 фоиз) ва 137 та нотариус котиби (кўпайиш –15 фоиз) штат бирликлари таъсис этилди. Шунингдек, 69 та янги давлат нотариал идораси очилиши кўзда тутилмоқда.
Мазкур қўшимча штатларни сезиларли равишда оширишга вазирлик ташаббуси асосида Ҳукумат қарори билан белгиланган нотариал идораларида ходимлар сонини белгилаш мезонлари мақбуллаштирилгандан кейин имкон яратилди.
Янги таъсис этилган нотариус лавозимларига танлов ўтказиш ҳақидаги эълонлар «Инсон ва қонун» газетаси, Адлия вазирлигининг расмий сайти ва «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали орқали бериб борилади.
Мазкур танловларда 25 ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга, юридик мутахассислик бўйича уч йиллик иш стажига эга, нотариал идорада 1 йил стажировка ўтаган ва малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қатнашиши мумкин.
2019 йил 1 январдан кучга кирадиган қонунчиликка киритилган ўзгаришга кўра, судья лавозимида беш йил ёки нотариус ёрдамчиси лавозимида уч йил ишлаган шахсларга нотариал идорада стажировка ўташ талаб қилинмайди.
Юқоридаги талабларга жавоб берадиган барча олий маълумотли ҳуқуқшунослар нотариус лавозимлари учун бўладиган танловларда иштирок этишга таклиф этилади. Бугунги кунда нотариуслар ойлик лавозим маошлари (барча устамалар ва пуллик хизматлардан келиб тушадиган даромадлар билан ҳисоблаганда, солиқлар тўлангандан сўнг) 4 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсатгич Тошкент шаҳрида 6 миллион сўмни, Самарқанд вилоятида 4 миллион сўмни, Фарғона вилоятида 4,5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ушбу маош миқдори нотариал идора томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажмида келиб чиқиб янада кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.
Изоҳ (0)