Бухоро тумани Хонобод қишлоғидаги оилавий поликлиника тубдан қайта реконструкция қилинди. Инвестиция дастурига мувофиқ, қурилиш-бунёдкорлик ишларига 1,6 миллиард сўм маблағ сарфланди, деб ёзади ЎзА.
Оилавий поликлиника биноси ҳудуди кенгайди, муассаса хоналари сони 10 тадан 34 тага етди. Бу педиатр, жарроҳ, акушер-гинеколог, стоматолог шифокорларнинг беморларни тегишли тиббий асбоб ва ускуналар билан жиҳозланган алоҳида хизмат хоналарида қабул қилиш, шунингдек, аниқ ташхис қўйиш учун таҳлиллар олинадиган лаборатория ходимлари иш шароитини яхшилаш имконини берди. Олти ўринли кундузги даволаш бўлими ҳам қатор қулайликларга эга бўлди.
Поликлиникада тор мутахассислик бўйича 4 шифокор, 16 нафар патронаж ҳамширадан ташқари, 7 нафар ўрта махсус маълумотли ходим ҳудуддаги 10 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Тиббий маскан таркибида ижтимоий дорихона, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилган.
Мазкур бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ходимлари аҳоли ўртасида репродуктив саломатлик, эрта никоҳнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш, касалланиш даражасини пасайтиришга хизмат қилмоқда.
Изоҳ (0)