UFC президенти Дэйна Уайт Ҳабиб Нурмагомедова ва Конор Макгрегор ўртасидаги жангдан кейин юзага келган жанжал юзасидан Невада спорт комиссияси текширув олиб бориши маълум қилди.
«Макгрегорнинг гонорари маъқулланди, Нурмагомедовнинг гонорари текширув тугагунча музлатиб қўйилди. Мен Конор жамоаси жангчиларидан бири Ҳабибни чорлаганини кўрдим. Ҳабиб чорловни қабул қилди. Кейин Ҳабиб жамоасидаги икки йигит октагонга чиқиб Конорнинг ортидан зарба беришди. Кўрганларимнинг бори шу. Невада спорт комиссияси юз берган ҳолатни текширади. Конорни ҳеч нарсада айблашмаяпти. Шубҳа остида Ҳабиб ва унинг жамоаси аъзолари. Ҳабибнинг бурчагидаги уч йигитни қўлга олишди, аммо кейинроқ қўйиб юборишди. Чунки Конор Макгрегор улар устидан полицияга ариза ёзмасликка қарор қилди. Реванш бўладими? Комиссия қарорини кутиш керак: Ҳабиб яна виза оладими ёки қайтиб келишга рухсат бермасдан уни депортация қилишадими? Кейинчалик нима бўлишини мен ҳозирча билмайман. Агар Ҳабибни узоқ муддатга четлатишса, биз уни совриндан маҳрум қилишга мажбур бўламиз. Ҳабиб қафасдан ҳақиқий ғолиб бўлиб чиқиши мумкин эди. Аммо у нотўғри иш қилди», – деди Уайт.Маълумот учун, Ҳабиб мазкур жанг учун 2 миллион доллар миқдорида гонорар олиши белгиланганди. Конор эса ўзининг 3 миллион долларини муаммосиз қўлга киритадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вақти билан бугун тонгда ўтказилган жангда Ҳабиб Нурмагомедов тўртинчи раундда Конор Макгрегорни бўғиш усули билан ғалаба қозонди. Аммо жанг тугаши билан октагон ташқарисида ва октагон ичида жанжал юзага келди.
Изоҳ (0)