Пойтахтдаги Миллий матбуот марказида «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси матбуот анжумани ўтказди. Унда мамлакат аҳолисининг ун, қолипли нон ва макарон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашдаги долзарб масалалар муҳокама этилди, деб ёзади ЎзА.
Тадбирда мазкур жараён компания тизимидаги 44 корхона ва ушбу корхоналарнинг 25 филиали, ун ишлаб чиқарувчи тегирмон, нон, макарон ва омихта ем, ёрма цехларида амалга оширилаётгани таъкидланди. Тизимдаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўтган йилга нисбатан таҳлил қилинганда, 2018 йилнинг мос даврида 107,7 фоиз ўсишга эришилган.
Ишлаб чиқарилган уннинг асосий қисми, яъни 40 фоизга яқини «Оҳангарон дон» ва «Тошкентдонмаҳсулотлари», «Ғалла Алтег», «Шўрчи дон маҳсулотлари», «Жомбой дон маҳсулотлари» ва «Дунё М» акциядорлик жамиятлари корхонлари ҳиссасига тўғри келган. Нон маҳсулотлари эса «Фарғонадонмаҳсулотлари», «Навоийдонмаҳсулотлари», «Намангандонмаҳсулотлари», «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» ҳамда «Жомбой дон маҳсулотлари»корхоналарида энг кўп тайёрланади.
Ички истеъмол бозорига компания корхоналари томонидан жорий йилнинг саккиз ойи давомида 962,3 минг тонна ун, 601,3 минг тонна ем, 40 минг тонна нон ва 18,8 минг тонна макарон маҳсулотлари етказиб берилди.
Сўнгги беш йил «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси учун самарали бўлди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник қайта жиҳозлаш ҳамда янги қувватларни ишга тушириш бўйича бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, замонавий тежамкор технологик ускуналар ўрнатилди. Нон, макарон, ёрма, қандолат, қоп цехлари, музлатгичли омбор Россия, Германия, Украина, ЖанубийКорея, Тайвань ва Италиянинг замонавий технологиялари асосида янгидан қурилди. Тегирмон, омихта ем, уруғлик цехлари замонавий технологик ускуналар асосида қайта жиҳозланди. Амалга оширилган 80,9 миллион долларлик 103 инвестиция лойиҳасининг 61 таси янги қувватлар ва 42 таси модернизация жараёнларидир.
Ўтган йилда жами 747 иш ўрни яратилди. Бандликни таъминлаш дастурига асосан, жорий йилда жами 612 иш ўрни яратиш белгиланган. Январь август ойларида тизимда 546 янги иш ўрни яратишга эришилди. Шунинг 473 таси касаначилик ва 73 таси янги корхоналар ҳисобига яратилган иш ўринларидир.
Изоҳ (0)