Жиззах вилояти давлат солиқ органлари томонидан 2018 йил 1 сентябрга қадар ўтказилган камерал назорат тадбирлари натижасида 29 минг 961 ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида жами 169,7 миллиард сўмлик камчиликлар аниқланди, деб ёзади ЎзА.
Камерал назорат натижасида аниқланган камчиликлар бўйича солиқ тўловчи субъектларга солиқ ва мажбурий тўловлар қўшимча ҳисобланиши кўрсатилган талабномалар берилди.
Бахмал тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида камерал назоратдан ўтказилган 80 корхонадан 75 тасида муайян камчилик аниқланди. Камчилик аниқланган корхоналарга нисбатан қўшимча ҳисобланган солиқ ва мажбурий тўловлар суммаси 2 миллиард 390 миллион 800 минг сўмни ташкил қилди.
Қўшимча ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг 1 миллиард 844 миллион сўми туман халқ таълими бўлими ҳисобчилари томонидан ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақидан ҳисобланадиган даромад солиғи ҳисоботларини тақдим этишда йўл қўйган хатоликлари оқибатида келиб чиққани маълум бўлди. Ушбу муассасага тўланмаган солиқнинг қолган қисмини тўлаш юзасидан талабнома берилиб, бошқа хатога йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилди.
«Йилнинг ўтган даврида ўтказилган камерал назоратлар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 18 минг 165 ҳолат юзасидан 126,3 миллиард сўмлик қайта ҳисоб-китоблар тақдим этилди», — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шў’баси бошлиғи Ҳ.Фозилов.
Изоҳ (0)