Буюк Британия, Норвегия, Финляндия, Франция каби кўплаб мамлакатларда фақат битирув маросимлари нишонланади, ўқув йилининг биринчи кунида эса тантаналар бўлмайди. Болалар шунчаки дарсларга боради. Бошқа бир қатор мамлакатларда эса бу кун катта тантаналар билан ўтади. AdMe ана шу мамлакатлар ҳақида ҳикоя қилди.
Германия
Ёзги таътил ва ўқув йилининг бошланиш саналари Германиянинг турли ҳудудларида фарқланади. Таътил олти ҳафта давом этади. Ўқиш июль ойининг охирида ва сентябрь ойининг бошида бошланиши мумкин.Германияда XIX асрнинг бошларида шаклланган анъаналарга кўра, болаларнинг кўпчилиги мактабга хурсандчилик билан боради. Ўқув йилининг биринчи кунида улар шултюте деб аталадиган катта ранг-баранг конуслар олади. Конуслар конфетлар ва ширинликлар билан тўлдирилган бўлади. Шунингдек, уларга ўқув қуроллари ҳам берилади.
Ота-оналар томонидан олиб келинган конуслар махсус дарахтга илинади, болалар конусларни очмасдан, ўзларига ёққанини танлаб олади.
Болгария
Болгарияда ўқув йили 15 сентябрда бошланади ва май—июнь ойларида якунланади. Болалар мактабга етти ёшдан боради.Байрам мактаб байроғи кўтарилиши ва қўнғироқдан бошланади. Баъзан машҳур кишилар нутқ сўзлайди ва дуо қилади. Анънавий мусиқий қисмдан кейин осмонга кабутарлар ва ҳаво шарлари учирилади. Бу ўқув фаолиятида юқори чўққиларга чиқишнинг рамзи ҳисобланади. Байрамдан кейин мактаб биносида ўқувчиларни дастурхон кутади.
Япония
Кўплаб мамлакатларда ўқув йилининг боши ёзнинг охири — кузнинг бошига тўғри келади. Японияда эса ўқув йили 1 апрелда, баҳор келиб, табиат уйғонганда бошланади. Болалар сакуралар гуллашидан баҳра олиб, янгиланиш ҳисси билан мактабга боради.Ўқув муассасидаги биринчи кун японлар учун байрам ҳисобланади. Оилалар ва дўстлар ўқувчиларни табриклайди ва совға беради. Ота-оналар ва ўқувчилар, албатта, байрам кийимларини кияди, мактабнинг дарвозаси ёки кириш эшиги олдида суратга тушади. Одатда сурат сакура остида олинади. Шундан кейин ўқувчилар ота-оналари билан қабул маросими — нюгакушикига йўл олади.
Тадбирлар қаторида янги ўқувчиларнинг катта синфлар қарсаклари остидаги паради ҳам мавжуд.
Шундан кейин 5 ва 6-синф ўқувчилари янги қабул қилинганлар учун салом сўзлари ва сакура гуллари билан безатилган мактаб бўйлаб экскурсия уюштиради.
Чехия
Чехияда болалар олти ёшдан мактабга боради. Машғулотлар сентябрнинг биринчи иш кунида бошланади, дарс эса атиги бир соат давом этади. Биринчи дарсда ота-оналар ҳам иштирок этади. Дарсдан кейин ота-оналар болалари билан музқаймоқ ва бошқа ширинликлар тановул қилиш учун қандолат дўконига йўл олади.Россия
Россияда 1 сентябрь Билимлар куни саналади. Бу кунда барча ўқувчилар иштирокида йиғилиш бўлади. Унда катта синф ўқувчиси биринчи синф ўқувчиси билан даврани айланиб, қўнғироқ чалади.Исроил
Исроилда бола ўзини катта мактаб жамоасининг бир қисми сифатида ҳис қилишига катта эътибор берилади. Биринчи ўқиш кунига бағишланган тантаналар ҳам шунинг учун ташкил қилинади.Болалар мактабга 1 сентябрь куни боради. Улар рақслар билан ва барабан садолари остида кутиб олинади. Руҳоний болаларга ўз дуосини беради, улар қўшиқ куйлайди ва бир-бирини қучоқлайди.
Шунингдек, Исроилда ўқишни бошланиши билан боғлиқ қизиқ анъана мавжуд. Доска ёки яҳудий алифбоси туширилган қоғозга бироз асал сурилади, болалар ширинликни ялайди. Бу Торани таниш асалдек ширин бўлишини билдиради.
Бу одат ҳанузгача Исролидаги баъзи православ жамоларида сақланиб қолган. Кўплаб мактабларда эса асал конфет ёки алифболи печеньелар билан алмаштирилган, бироқ унинг мазмуни аввалгидек қолган.
Ҳиндистон
Ҳиндистонда ўқиш ҳудуд ва об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда апрелдан мартгача ёки июндан майгача давом этади. Болалар мактабга олти ёшда боради. Нисбатан яхши яшайдиган биринчи синф ўқувчилари учун ўқув йилининг бошланиши тантанали байрам ҳисобланади.Болалар меҳнати тақиқланганига қарамасдан, кўплаб болалар яшаш учун ишлашга мажбур бўлади. Баъзан бунда бошланғич таълимдан воз кечишга тўғри келади.
Изоҳ (0)