26 август куни Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда чоп этилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади), Молия вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи Музейлар реновация дастурини (кейинги ўринларда – Реновация дастури) эксперимент тарзида амалга ошириш кўзда тутилмоқда:
музейлар бюджетининг камида 30 фоизини тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобидан, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали, шунингдек, музейлар бюджетининг камида 15 фоизини хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи ўзини ўзи таъминлаш принципига асосланган музейларни молиялаштириш моделини жорий этиш;
музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг интерактивлигини ошириш, шу жумладан «смарт»-технологияларни (ахборот дўкончалари, 3D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар ва ҳоказоларни) жорий этиш;
аҳоли, энг аввало, ёш авлод учун мўлжалланган, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, музейларнинг фаолиятига инновацион ахборот технологиялари кенг жорий этиш ва музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали музей экспонатларини кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш учун музейларнинг маъмурий тузилмасини такомиллаштириш;
ходимларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни энг яхши жаҳон амалиётларига мувофиқ музейларнинг раҳбар лавозимларига очиқ танлов асосида жалб қилиш амалиётини жорий этиш;
мамлакатнинг маданий-тарихий меросини оммалаштириш ва танитиш мақсадида музейларнинг ижтимоий маконга тўлиқ интеграциялашувини таъминлаш;
музейларда имкониятлари чекланган шахслар, кекса ёшдаги ташриф буюрувчилар, мактабгача ёшдаги болалар ва уларга ҳамроҳлик қилаётган шахсларга хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратишнинг инклюзив услубларидан кенг фойдаланиш;
музейларда академик тадқиқотларни, шу жумладан Жамғарма маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш орқали маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларни жалб қилган ҳолда ривожлантириш.
Реновация дастури Ўзбекистон амалий санъат музейи (Тошкент шаҳри), И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи (Нукус шаҳри) ва Ойбекнинг уй-музейида (Тошкент шаҳри) амалга оширилади.
Реновация дастури Жамғарма, маҳаллий ҳамда хорижий донорлар ва меценатлар маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Икки ой муддатда «Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш кутилмоқда. Қонун лойиҳасида бошқалар қаторида қуйидагилар назарда тутилади:
маданият ва санъат муассасаларига, шу жумладан жисмоний шахсларга ёрдам кўрсатувчи меценатлар ва ҳомийларга солиқ имтиёзлари (чегирмалар) тақдим этиш учун ҳуқуқий асослар яратиш;
солиқ имтиёзлари (чегирмалар) олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда маданият ва санъат муассасаларини қўллаб-қувватлаш шаклларини ва услубларини кенгайтириш (муайян ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш, мол-мулк ҳуқуқини бериш ва ҳоказо);
маданият ва санъат муассасаларини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий услубларини жорий этиш;
меценатлик ва ҳомийлик ёрдамини олаётганларнинг ҳисоб бериш тизимини, шунингдек, улардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни такомиллаштириш.
Ҳужжат, шунингдек, маданият ва санъат муассасаларида блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда Чипта операцияларининг ягона электрон тизимини (кейинги ўринларда – ЧОЯЭT) жорий этиш ва унинг ишлаш тартибини белгилашни кўзда тутади.
Изоҳ (0)