Қамоқхона сўзи онгимизда энг қоронғу, мудҳиш ассоциацияларни уйғотади. Қамоқ ҳаёти билан боғлиқ маданият — китоб ва фильмлар ҳам бундай тасаввурларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Аммо бир нарсани унутиб қўямизки, у ердаги маҳбусларнинг жуда катта қисми хавфли рецидивист ёки криминал олам вакиллари бўлмай, кичик жиноят ва хатолари учун жазо ўтаётган инсонларлир, ва улар вақти келиб жамият бағрига қайтади ҳамда унинг бир бўлаги сифатида яшашда давом этади. Шундай экан, нафақат жазолаш, балки тарбиялаш, собиқ маҳбус жамиятга оғриқсиз қўшилиб кетиб, тўлақонли ҳаёт кечириши қамоқхоналарда унга нисбатан қилинадиган муомала ва муносабатга боғлиқдир.
Америкага сафаримиз чоғида бу ердаги қамоқхоналардан бирида бўлиб, маҳбусларнинг ҳуқуқлари қай даражада таъминлангани, уларни тарбиялаш ишлари қандай йўлга қўйилгани, умуман пенитенциар тизим қандай йўлга қўйилгани билан танишиш имкониятига эга бўлдик.
АҚШ пенитенциар тизимига кирувчи жазо ўташ муассасалари икки турга бўлинади: jail ва prison. Jail — вақтинча сақлаш муассасаси бўлиб, унда айбланувчилар суд тугагунига қадар тутиб турилади. Одатда бу муддат олти ойдан бир йилгача давом этади. Суд ҳукми ўқилгач, айбдор деб топилган киши prison’га олиб кетилади ва жазонинг қолган қисмини ўша ерда ўтайди. Биз ташриф буюрган муассаса қамоқхоналарининг jail турига мансубдир.
Иллинойс штатининг маркази — Чикаго шаҳри Кук округи таркибига киради. Ушбу округ вақтинчалик тутиб туриш қамоғи — округ шерифи офисига қаровчи Cook County Jail мамлакатда бу турдаги энг йирик муассасалардан бири ҳисобланади. Бу ерда 6100 дан ортиқ маҳбус тутиб турилади. Шунингдек, 2100 киши уй қамоғида сақланиб, бевосита Cook County Jail’дан назорат қилинади. Маҳбусларнинг каттагина қисми (аёлларнинг 60 фоизи, эркакларнинг 30 фоизи) ақлан ожиз бўлиб, улар кўчада дайдиб юргани ёки майда безориликка қўл ургани боис олиб келиниб, даволанади.
Маҳбусларнинг 200 га яқини чет эл фуқароларидир.
Маҳбусларнинг 93 фоизи терговгача тутиб турилади. Қолган 7 фоизи — бир йилдан камроқ муҳлатга қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар.
Умуман олганда, маҳбусларнинг Cook County Jail’да ўртача ушлаб турилиш муддати — 63 кун. Лекин АҚШ қонунчилигининг нозикликлари бу масалада ҳам кутилмаган ҳолатларни келтириб чиқарган: қотиллик жиноятига қўл урган беш нафар маҳбус суд иши ҳанузгача якунланмагани боис 11 йилдан буён ушбу муассасада сақланади.
Сим панжаралар орасидан автотураргоҳга кириб борар эканмиз, бизни кутиб турган қамоқхона матбуот котиби София Ансорийга кўзимиз тушди. Ёш бўлишига қарамай, жазо муассасасида масъулиятли лавозимда фаолият юритаётган қиз бизни илиқлик билан қарши олиб, офислар жойлашган бинога олиб кирди.
Бинонинг юқори қаватларидан бирида бизга қамоқхона схемаси намойиш этилди. Тушунтирилишича, муассаса ҳудуди кўплаб бўлимларга (division) ажратилган, ҳар бирида махсус функциялар бажарилади ёки муайян тоифадаги маҳбуслар сақланади. Маъмурий бинодан ташқари, ошхонада, тиббий кўрик бўлимида офицерлик рутбасида бўлмаган, фуқаро мақомидаги ходимлар фаолият юритади. Маҳбуслар тутиб туриладиган биноларда офицерлар хизмат қилади.
Қамоқхона бўйлаб саёҳатимиз бошланишидан олдин диққатга сазовор воқеа рўй берди. Шериф офисида фаолият юритувчи Шерифлик адлия институти директори Хэнки Гратто хоним қўлимдаги ёзув дафтарчасини кўриб, унда металл элемент борлигини, бу билан қамоқхонага кириш мумкин эмаслигини айтди. Дафтарчамни вақтинчалик топширимга тўғри келди — унинг ўрнига менга металл пружина ўрнатилмаган бошқа ёзув дафтари тақдим этилди. Дафтардан ташқари, қамоқхона ҳудудига фақат битта камера олиб киришимизга рухсат этилди, телефонлар машинада қолдирилди.
Офис биносидан махсус машинада қамоқхона ҳудудига боришда муассаса биқинида жойлашган округ жиноят суди биноси олдидан ўтдик. Суд кираверишида тумонат одам тўпланиб, қўлларида плакатлар кўтарганча намойиш ўтказаётган эди. Плакатлардаги ёзувлардан тушунишимизча, Рейналдо Гевара исмли судья томонидан ўқилган ҳукмлар адолатсиз бўлгани боис у қамоққа юборган маҳбусларнинг яқинлари норозилик акцияси ўтказаётган экан.
Рўйхатдан ва бир неча босқичли хавфсизлик текширувидан ўтгач, ниҳоят маҳбуслар сақланадиган хонага кирдик.
Битта умумий залда 23 та камера (cell) жойлашган . Cell’ларнинг ҳар бирида икки нафардан маҳбус яшайди.
Маҳбуслар камералардан чиқиб, умумий залда овқатланиши, вақт ўтказиши, телевизор кўриши ва телефон орқали ташқари билан гаплашиши мумкин.
Маҳбуслар, шунингдек, ташқарига ҳам турли ишларни бажаришга олиб чиқилади. Ошхона юмушлари, кир-чир ювиш, кўча ва хоналарни тозалаш, деҳқончилик ишлари энг асосий машғулотлар ҳисобланади. Гратто хонимнинг таъкидлашича, маҳбуслар айниқса деҳқончилик ишларини хуш кўради, негаки бу уларга куни билан очиқ осмон остида бўлиш, қуёшни кўриш имконини беради.
Дарвоқе, қамоқхона томорқасида етиштирилган сабзавотлар Чикагонинг машҳур тамаддихоналарига, жумладан, Saprophina, Belly Sunday ресторанларига етказиб берилади.
Келиб тушган пулнинг асосий қисми қамоқхона эҳтиёжларига сарфланади, кичикроқ улуши эса меҳнат ҳақи сифатида маҳбусларнинг пластик карталарига ўтказиб берилади — улар бу пулдан махсус дўкон — Commissary’да кундалик харидларни амалга ошириш — қўшимча овқат, ички кийим, пайпоқ ва маиший буюмлар сотиб олишда фойдаланиши мумкин.
Шерифлик адлия институти маҳбуслар бевосита ишлаб, уларнинг жамиятдан узилиб қолмаслигини таъминлаш учун турли дастурларни амалга оширади. Айниқса 18–24 ёш орасидаги маҳбусларга алоҳида эътибор қаратилади: улар ҳар куни 8 соат очиқ осмон остида вақт ўтказиши, кўпроқ фойдали меҳнат қилиши, кутубхона бўлиши таъминланади. Бундан ташқари, гиёҳванд моддаларга ружу қўйганларга, аёлларга, эътиқодли инсонларга мўлжалланган алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган.
Маҳбусларнинг 7 фоизини (400 киши) аёллар ташкил қилади. Уларни қамоқхонада зўравонликдан асраш, криминал оламга кириб кетишларининг олдини олиш ва фойдали меҳнатга ўргатиш аёллар дастурининг асосий вазифаларидир. Бинонинг бешинчи қавати аёлларга ажратилган.
400 аёлнинг 12 нафари ҳомиладор; уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиб борилади, саломатлиги доимий назорат қилинади. Қамоқхонада туғилган болалар васийларига топширилади. Васийлар бўлмаган тақдирда онаси қамоқдан чиққунига қадар давлат муассасасида парвариш қилинади.
Cell’лар билан танишувдан сўнг бизни узундан-узоқ йўлкалар орқали ер ости қаватига — маҳбуслар тақсимланадиган бўлимга олиб тушишди. Бу ерда полициячилар тинимсиз у ердан бу ерга ўтиб юрар, қандайдир қоғозларни тўлидирар, маҳбусларни олиб келар ва олиб кетар эди. Безорилик, майда ўғрилик ва бошқа сабаблар билан тутиб келинганлар, асосан ёшлар очиқ камераларда уймалашиб ўтириб, тақдири ҳал бўлишини кутарди. Қўлимиздаги камераларни кўриши биланоқ уларнинг баъзилари юзларини кийими билан тўсиб олди, айримлар эса баланд овозда суратга олишни тўхтатишимизни талаб қилди.
Диққатимни тортган бир жиҳат — Чикаго аҳолисининг асосий қисмини оқ танлилар ташкил этишига қарамай, тутқунлар орасида фоиз жиҳатдан афроамерикаликлар кўпроқ эди. Гратто хонимнинг уқтиришича, қора танлиларнинг катта қисми иқтисодий ночор туманларда истиқомат қилади, у ҳудудларда эса майда безорилик ва жиноятчилик нисбатан кўпроқ учрайди.
Катта очиқ камералардан ташқари, хавфли жиноятчиларга мўлжалланган кичик ёпиқ камералар ҳам бор экан.
Шундай камералардан бирига кириб суратга тушаётганимизда бир офицер аёл «Энди бизлар билан қоласизлар!» деб ҳазиллашганча бизни қулфлаб қўймоқчи бўлди. Бу воқеа кайфиятимизни кўтариб, муассасадаги тундликни бироз бартараф қилгандай бўлди.
Бўлимда тутқунлар бир сутка давомида сақланади. 24 соат ичида улар ё чиқиб кетади (жинояти жиддий эмаслиги боис ёки гаров пули эвазига) ёки юқорига — cell’ларга ўтказилади ва суд ҳукмини кутади.
Ҳар куни ўртача 60 киши тутиб келинади. Якшанба кунлари бу кўрсаткич 220 кишига етиши мумкин.
Маҳбуслар суд мажлисига ҳам айнан шу бўлимдан олиб кетилади.
Шу ернинг ўзида тутқунлар адвокатлари билан учрашиши учун махсус хона бор.
Саёҳатимизнинг кейинги қисмида бизга сержант Томас ва сержант Льюислар эшлик қилишди. Улар бизга бошқа бўлимларни, хоналарни кўрсатиб, уларда бажариладиган ишларни тавсифлаб берди. Бу тафсилотларнинг баён этилиши ўқувчини толиқтириб қўйса керак деб ўйлайман, шу боис расмларни тақдим этиш билан чекланаман.
Биз ташриф буюрган яна бир диққатга сазовор жойлардан бири тиббий бўлим бўлди.
Бу ерда профессионал шифокорлар ишлайди. Улар ҳар куни муайян соатларда маҳбусларни кўрикдан ўтказиб, саломатлигини текширади, маҳбуслар obamacare тиббий суғуртаси бўйича махсус форма тўлдиради, кийимини алмаштиради. Бир беморга ўртача 5–6 соат вақт сарфланади. Бир маҳбусни тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволашга (агар оғир хасталиги бўлмаса) кунига 160 доллар сарфланади.
Узоқ расмиятчиликдан сўнг улар қўлга урган жиноятнинг оғир-енгиллигига қараб таснифланиб, minimum security, medium security ёки maximum security тоифаларидан бирига киритилади ҳамда тегишли бўлимга олиб кетилади. Расмий жараёнлар анча мураккаб алгоритмларга асосланган. Айтайлик, кичик ўғриликка бир неча бор қўл урган шахс ҳам maximum security тоифасига киритилиши мумкин.
Янги келган маҳбусларнинг пулидан бошқа ҳамма нарсаси олиб қўйилади. Пул пластик картага ўтказиб берилади. Ундан Commissary орқали харидлар амалга оширилишида фойдаланиш мумкин.
Сержант Томас хушмуомалалиги ва профессионаллиги билан бизда жуда яхши таассурот қолдирди. Армияда хизмат қилгач, полицияга ишга кирган Томас 54 ёшга тўлганинга қарамай, ҳали анча ёш кўринади. У бизга берган интервьюсида касби ва ҳаётга бўлган қарашлари ҳақида айтиб берди.
Cook County Jail’га ташрифимиз яна бир қизиқ воқеа билан якунланди. Сержант Томас билан эсдаликка суратга тушаётганимизда қамоқхонага олиб кириб кетилаётган бир қувноқ йигит ҳазиллашиб қўйишга қарор қилди (расмнинг чап бурчагида) ва унинг табассуми билан безалган унутилмас кадр пайдо бўлди. Бу воқеа мени ҳатто қамоқхонада ҳам ҳаёт тугамаслиги, яхшиликка умид ҳар доим борлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди.
Изоҳ (0)