АҚШга сафаримиз давомида шунга амин бўлдикки, бу ердаги ҳар бир йирик шаҳар ўзига хос муҳитга, ўзига хос меъморчиликка, ўзига хос руҳга эга. Дейлик, Чикаго ишбилармонлик маркази ҳисобланса, Лас-Вегас кўнгилочар муассасалар мажмуаси, Лос-Анжелес эса жаҳон киноси пойтахти ҳисобланади ва ҳоказо. Мамлакат пойтахти — Вашингтон ҳам ўзгача руҳга ва мақомга эгадир.
Аввало, Вашингтон жаҳон сиёсати марказидир. Кўплаб дипломатлар ўз хотираларида эътироф этганидай, бу ерда дунё мамлакатларининг тақдири ҳал бўлади. Нафақат АҚШ федерал ҳукумати муассасалари шу шаҳарда жамулжам бўлгани, балки элчихоналар-у, турли халқаро ташкилотлар ваколатхоналари азбарои кўплигидан Вашингтон чинакам сиёсатчилар шаҳарчасига айланиб қолган. Сиёсатдонлар, дипломатлар, лоббичилар, пиарчилар, ҳуқуқшунослар, журналистлар, ННТлар вакиллари шаҳар аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил қилади.
Айни пайтда Вашингтон очиқ осмон остидаги музейдир. Деярли ҳар бир бино ўзига хос тарихга эга. Ҳатто одамлар яшайдиган уйлар ҳам тарихий обида саналиб, уларни бузиш ёки режасига ўзгартириш киритиш тақиқланади.
Вашингтон XIX аср охирида штатлар орасидаги келишувга биноан махсус пойтахт шаҳар сифатида бунёд этилган. Ҳудуди унча катта бўлмаган шаҳар махсус Колумбия округига ажратилган бўлиб, Мэриленд ва Виргиния штатлари орасида жойлашган ҳамда бу штатлар билан биргаликда ягона метрополитан ҳудудни ташкил қилади: мэрилендликлар ҳар куни ишга Вашингтонга келади, пойтахтга ташриф буюрувчилар Виргиния аэропортларига келиб тушади ва ҳоказо. Пойтахтни Мэриленддан Rock Creek Park боғи ажратиб туради. Мэриленднинг ёндош ҳудуди — Сильвер-Спринг шаҳарчаси Вашингтон учун ҳам бизнес маркази ҳисобланади, бутун йирик бизнес шу шаҳарда макон қурган. Вашингтонда эса асосан сиёсат ва ҳуқуқ билан боғлиқ компаниялар офисларга эга.
Шаҳарда музейлар, тарихий бинолар, ҳайкаллар, Dupont Circle каби боғлар ва бошқа туристик объектлар ниҳоятда кўп. Оқ Уй, Олий суд сингари давлат муассасалари биносида ҳам омма учун очиқ ҳудудлар, кўргазмалар, шунингдек, туристлар қабул қилинадиган соатлар ташкил этилган.
Вашингтоннинг энг машҳур иншоотлари National Mall хиёбонида жойлашган. Конгресс қароргоҳи — Капитолийдан бошланиб, Линкольн мемориалида тугайдиган узундан-узоқ ушбу хиёбон ўзида АҚШ мустақиллигининг асосий рамзларини жамлаган. Конгресс биносидан ташқари, ушбу хиёбон бўйлаб сайр давомида машҳур обелиск — Вашингтон монументини, Иккинчи жаҳон уруши мемориалини, Вашингтон монументини акс эттириб турувчи Reflecting Pool ҳовузини ва, албатта, Линкольн мемориалини кўриш мумкин.
Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан Конгресс кутубхонасини, шунингдек, Жефферсон мемориалини тилга олиб ўтиш мумкин.
АҚШ сиёсатининг маркази, президент қароргоҳи Оқ Уй олдида ҳар куни тумонат одам тўпланиб туради. Уларнинг бир қисми сайёҳлар бўлса, қолганлари турли сиёсий талаблар билан тўпланган фуқаролик жамияти фаолларидир. Жумладан, биз борганимизда Оқ Уй олдида абортларга қарши, шунингдек, фарзандларини эмизадиган аёллар дискриминация қилинишига қарши пикетлар ўтказилаётган эди.
Бундан ташқари, бутунжаҳон уйғурлари етакчиси, машҳур инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Робия Қодир бошчилигида Хитойда мусулмонларнинг тазйиққа олинишига қарши уюштирилаётган пикетга гувоҳ бўлдик. Робия Қодир билан танишиш бахтига муяссар бўлибгина қолмай, ундан Ўрта Осиё халқлари ва хусусан Ўзбекистон ҳақида кўп илиқ сўзлар эшитдик.
Аммо Вашингтондаги учрашувларимиз бу билан чекланмади. Оқ Уй олдида қозоғистонлик талабалар билан учрашиб қолишимиз, шунингдек, Халқаро матбуот марказига ҳамда «Америка овози» ўзбек хизматига ташрифимиз ҳам эсда қоларли бўлди.
Вашингтонга хос яна икки жиҳатни айтиб ўтсам. Биринчиси — шаҳарда Конгрессдан баландроқ бино қуриш мумкин эмас, шу учун, Чикаго ёки Нью-Йоркдан фарқли ўлароқ, бу ерда осмонўпар бинолар йўқ. Иккинчиси — сиёсий марказ бўлгани боис шаҳарда хавфсизлик масалаларига жуда жиддий қаралади. Шаҳарнинг турли қисмларида текширувлар ўтказиб турилади, у ёки бу йўллар ёпиб қўйилади ёки транспорт ҳаракати чекланади. Бундай ҳолатларнинг рўй бериши шаҳардаги сиёсий воқеликларга бевосита боғлиқ. Йирик тадбирлар чоғида хавфсизлик чоралари ҳам кучайтирилади.
Вашингтон қурилган ҳудудда қадимда асосан қора танли қуллар истиқомат қилган. Оқ танли аҳоли — плантаторлар эса Жоржтаунда ва Александрияда (Виргиния) ўрнашган. Афроамерикаликлар мамлакат пойтахтини ўз қўллари билан, ўз ҳудудларида бунёд этганларидан жуда фахрланади. Яқин-яқингача шаҳар аҳолисининг 70 фоизини айнан афроамерикаликлар ташкил этар эди. Аммо шаҳарда йирик қурилишлар кўпайиши, уй-жойнинг қимматлашиши натижасида уларнинг каттагина қисми чекка ҳудудларга кўчиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Кетганларнинг ўрнини бошқа штатлардан кўчиб келаётган амалдорлар, сиёсатчилар, ҳуқуқшунослар ва бошқа нуфузли касб соҳиблари эгалламоқда. Бундан ташқари, шаҳарда уйсизлар сони ҳам сезиларли даражада кўп — тунги соатларда China Town атрофи ва бошқа баъзи кўчалар уйсиз фуқароларнинг «ётоқхона»сига айланади.
Вашингтон ниҳоятда қиммат шаҳар саналишига қарамасдан, унинг ичида ҳам алоҳида «бойлар шаҳарчаси» — Жоржтаун мавжуд. Жоржтаун Вашингтоннинг шимоли-ғарбида, Потомак дарёси соҳилида жойлашган тарихий туман бўлиб, у ниҳоятда шинам, ўзига хос меъморчилиги, қадимий даҳалари, дўконлари ва ресторанлари билан машҳур. Бу ерда Жон Керри, Барак Обама сингари сиёсатчилар истиқомат қилади. Вашингтонликлар ва шаҳар меҳмонлари Потомак соҳилида сайр қилиб ёки тамаддихоналарда йиғилиб, сеҳрли оқшомлар ўтказади. Дарёнинг нариги соҳилида Виргиниянинг Розлин шаҳридаги осмонўпар иншоотлар кўзга ташланиб туради.
Изоҳ (0)