Жиззахда 4 та хонадондан фирибгарлик йўли билан пул ундирган электр таъминоти корхонаси ходими жазоланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
А.Қ. Жиззах туман электр таъминоти корхонасига 2017 йил 2 февраль куни иш ўрганувчи бўлиб жойлашган.
А.Қ. 2017 йил 17 февраль куни У.А.нинг хонадонига келиб, электр энергиясидан 820.000 сўм қарздорлиги борлиги, агар пулларни тўламаса, электр энергиясини тармоқдан узиб кетишини айтган. Натижада У.А.дан 100 АҚШ долларини олиб, 150.000 сўмлик тўлов тўғрисида патта тақдим қилган. А.Қ. тўловнинг қолган қисмига кейинроқ патта ёзиб беришини айтган, бироқ ваъдасида турмаган.
А.Қ. 2017 йил 19 март куни Р.Э.нинг хонадонига келиб, электр ҳисоблагичининг эскириб қолгани, янгисига алмаштириш кераклигини айтган. А.Қ. янги электр ҳисоблагич ўрнатиб беришга ваъда берган. Бунга ишонган Р.Э. 2017 йил 19 март куни А.Қ.га 100.000, 2017 йил апрель ойининг ўрталарида 50.000 сўм — жами 150.000 сўм пул берган.
А.Қ. 2017 йил 6 апрель куни А.Х.нинг хонадонига келиб, электр энергиясидан 200.000 сўм қарзи борлиги, агар пул тўламаса, электр энергиясини тармоқдан узишини айтган. Сўнг А.Қ. хонадон эгасидан 200.000 сўм олган, бироқ 100.000 сўм тўлангани тўғрисида патта берган. Қолган 100.000 сўм учун тўлов паттасини эртага олиб келиб беришга ишонтирган, бироқ олиб келмаган.
А.Қ. 2017 йил 13 апрель куни Н.Б.нинг хонадонига келиб, электр энергиясидан 200.000 сўм қарздорлиги борлигини маълум қилган. Хонадон эгаси қарзини тўлаган. Шундан сўнг А.Қ. уч фазали электр тармоғига уланишга ёрдам беришини айтиб, Н.Б.дан 500.000 сўм олган. А.Қ. 2017 йил 14 апрель куни Н.Б.дан 200.000 сўм бериб туришни сўраб, эртаси куни пулларини қайтариб беришга ишонтирган, бироқ ваъдасида турмаган.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида 2018 йил 2 июль куни А.Қ.га нисбатан жазо тайинланди.
Изоҳ (0)