Шу кунларда АҚШнинг Чикаго шаҳрида сафарда бўлиб турибман. Қуйида ушбу мароқли сафар таассуротлари билан бўлишаман.
Чикаго АҚШнинг энг йирик шаҳарларидан биридир. Шаҳар аҳолиси 2,8 миллион киши, Чикаго агломерациясида эса салкам 10 миллион киши яшайди. Шаҳар АҚШнинг бизнес марказларидан бири ҳисобланади.
Шунга қарамай, Чикаго ниҳоятда сокин шаҳар. Шаҳар маркази — Downtown’да ҳар доим ҳам тирбандлик кўравермайсиз. Бу жиҳатдан у АҚШнинг ҳамиша қайнаб турадиган Нью-Йорк, Лас-Вегас сингари шаҳарларидан фарқ қилади.
Шаҳарнинг марказий кўчалари унчалик кенг эмас, лекин бир текис, тўртбурчак шаклда жойлашган. Кўпчилик кўчалар бўйлаб асосан меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, ресторан ва гипермаркетлар, шунингдек, автотураргоҳлар жойлашган. Чикагонинг энг кенг ва машҳур кўчаси Michigan Avenue деб аталади. Кўплаб осмонўпар бинолар, ҳайкаллар, диққатга сазовор объектлар айнан шу кўча бўйлаб жойлашган. Машҳур Trump Tower ҳам шу кўчанинг диққатга сазовор биноларидан бири ҳисобланади.
Michigan Avenue остидан Чикаго дарёси оқиб ўтади. Бутун шаҳарни кесиб ўтадиган ушбу дарё шаҳарликлар ва туристларнинг севимли ҳордиқ чиқариш объектига айланган. Катерлар одамларга тўлиб-тошиб ётади, дарё бўйида ўтириш, сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш, гуруҳ бўлиб дам олиш ҳам кенг тарқалган.
Чикагонинг энг баланд биноси Willis Tower деб аталади. 108 қаватдан иборат мазкур бинонинг 103-қаватида Skydeck — шаҳарни томоша қилиш майдончаси жойлашган бўлиб, унга ҳар куни 25 мингдан ортиқ турист ташриф буюради. Энг юқори қаватдан бутун шаҳар кафтдек кўринади.
Чикагонинг яна бир диққатга сазовор жойи Мичиган кўлидир. Кўл шаҳарнинг шундоқ ёнбошида жойлашган. Пляжларда дам олиш, катерларда сайр қилиш шаҳарликларнинг севимли ҳордиқ чиқариш услубидир.
Чикагонинг энг йирик боғи Millenium Park деб аталади. Grant Park мажмуаси таркибига кирувчи ушбу жамоат боғида концертлар, фестиваллар ташкил этилади. Millenium Park биринчи навбатда Cloud Gate номли шаффоф тухумсимон скулптура билан машҳур. У Чикагонинг энг асосий туристик объектларидан бири ҳисобланади.
Чикаголиклар ниҳоятда хушмуомала ва кўнгли очиқ инсонлардир. Шаҳарликлар салом-аликни канда қилмайди, бундан ташқари, ҳар қандай ноқулай вазиятда биринчи бўлиб узр сўрашга шошилади.
Шаҳарда турли ҳайкаллар ва инсталляциялар жуда кўп.
Чикаголиклар, айниқса ёшлар фаол турмуш тарзи кечиришга уринади. Спорт билан шуғулланадиганлар жуда кўп эканлиги қаторида, кўчаларда перформанслар уюштирадиганлар ҳам кўп. Гоҳ-гоҳ кўчада ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб варақа тарқатаётган ёки бўлмаса қўшиқ куйлаб, санъатини намойиш этаётганларга ҳам кўзингиз тушади.
Изоҳ (0)