1 август куни халқ депутатлари Тойлоқ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. Сессияда ташкилий масала кўрилган.
Шу вақтгача туманга раҳбарлик қилиб келаётган Баҳодир Саъдуллаев 1 август куни вилоятнинг бошқа — Пастдарғом туманига ҳоким этиб тайинлангани муносабати билан, Тойлоқ тумани ҳокими лавозимидан озод этилган.
Унинг ўрнига «Агробанк» Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Баҳодир Бобоназаров Тойлоқ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У «Агробанк»нинг вилоят бошқармасини 2014 йил сентябридан бери бошқариб келаётган эди.
1 август куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Тойлоқ ва Оқдарё туманларида навбатдан ташқари сессиялар бўлиб ўтиши ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.
Изоҳ (0)