Японияда 1985 йилнинг 12 августида дунё авиацияси тарихидаги энг йирик авиаҳалокатлардан бири юз берди. Ҳалокат қурбонлари сони 520 кишини ташкил қилган, дея ҳикоя қилди Big Pictureс.
Қайғудан ақлини йўқотган қурбонларнинг қариндошлари Japan Airlines офислари эшикларини қоқди. Виждон азобига чидай олмаган компаниянинг техник хизмати раҳбари ўзини-ўзи ўлдирган.
Ўша куни Japan Airlines компаниясига тегишли Boeing 747СР-46 самолёти 18:00 да Токиодан Осакага рейсни амалга оширишга тайёрланган. Парвоз қисқа масофали рейсларга кирган ва унинг давомийлиги 54 дақиқани ташкил қилган. Самолёт моделининг махсус модификацияси туфайли бортга 550 нафар йўловчи жойлашган.
Парвозга чиқиш вақтида JAL 123 12 рейси бортда 509 нафар йўловчи ва 15 нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт капитани авиакомпанияда 19 йил ишлаган энг тажрибали учувчилардан бири 49 ёшли Масами Такахама бўлган. Иккинчи учувчи 10 йиллик иш стажига эга 39 ёшли Ютака Сасаки бўлган.
Соат 18:12 да самолёт Токионинг Ханеда аэропортидан ҳавога кўтарилган. 18:24 да 7200 метр баландликда борт кузатувчиларидан бири капитандан йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлашга рухсат олган. Тасдиқ олингач, салонда портлаш овозига ўхшаш шовқин эшитилган. Учувчилар кабинасига оқ тутун кирган.
Фюзеляждаги босим кескин тушиб кетаётгани ҳақида огоҳлантирувчи сигнализация ишлаб кетган. Учувчилар нима бўлаётганини тушуна олмаган ва шасси эшиклари синиб кетган, деб тахмин қилган. Борт муҳандиси эса гидротизимдаги нозолик ҳақида хабар берган.
Кема командири самолётни буриб, Токиога қайтишга қарор қилган, бироқ иккинчи учувчи штурвални буришга уринганда, самолётни бошқариб бўлмаётган эди.
Ердаги диспетчерда самолёт ҳалокатга учраётганини англатувчи «7700» рақамли хабар пайдо бўлган. Экипаж ва йўловчилар самолёт герметик қатламига зарар етган вақтда ишлаб кетадиган кислород ниқобларини таққан.
Учувчилар бор кучи билан ортга қайтиш йўналишига тушишга уринган, бироқ дақиқа сайин вазият ёмонлашиб борган — самолёт учта ўқи бўйлаб ўсиб борувчи амплитудада силкина бошлаган.
Салонда ваҳима бошланган, йўловчилар ваҳимага туша бошлаган. Улар дуо қилган, йиғлаган, блокнотлардан варақлар йиртиб, яқинларига видолашув мактубларини ёза бошлаган.
Бу вақтда учувчилар кабинасида самолёт бошқарувини қўлга олишга урунишлар давом этган. Учувчилар қийинчилик билан лайнерни Токио йўналишига қайтаришга муваффақ бўлган.
Ердаги диспетчерлар самолётни ҳалокатли қўндиришнинг турли вариантларини таклиф қилган, бироқ учувчилар танлай олмаган — улар исталган сонияда бошқарув имкониятини йўқотиши мумкин бўлган.
Фудзияма тоғлари ҳудудида пастлашга уриниш муваффақиятсиз чиққан. 18:41 да самолёт бошқаруви қайтадан қўлдан чиққан ва Оцуки тоғи устида тўрт километр радиусда айланани амалга оширган. Учувчилар бошқарувни қўлга олишга муваффақ бўлган.
18:47 да кема капитани диспетчерларга самолётни бошқариб бўлмаётганини ва тоғларга урилиб кетиши мумкинлигини хабар қилган. Бироқ экипаж яна бир марта тўқнашувдан қутулиб қолган. Бироқ шундан сўнг самолёт кескин пастлай бошлаган. Идзу яримороли ва Суруга бўғози устидан учиб ўтган самолёт тоғли ҳудуд устига бориб қолган. Бу эса парвозни муваффақиятли якунлаш имкониятларини камайтириб юборган.
Шу ҳолатда ҳам экипаж бошқарувни қўлга олишга уринишларни давом эттирган. Самолёт штопор айланишига кириб кетишига ҳам бир баҳя қолган, бироқ экипаж уни мувозанатга келтиришга муваффақ бўлган. Шунга қарамасдан, лайнернинг бурни пастга қараб, тезлик билан кейинги қоя томонга интилган.
Самолёт капитани уни мувозанатга келтирган, бироқ тоғ билан тўқнашувдан қочиб қолишга вақт етмаган. Самолёт қанотлари дарахтларнинг учига урилган — у 18:56 да айланиб кетган ва катта тезликда Оцутака тоғининг 1457 метр баландликдаги ўрмонли қоясига урилган, у Токиодан 112 километр шимоли-ғарбда жойлашган эди. Ҳалокат жойида ёнғин юзага келган.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг С-130 самолёти ҳалокатдан 30 дақиқадан кейин қулаш жойини топган. Унинг координаталари японларга жўнатилган, бироқ ҳодиса жойига етиб келган қутқарув хизмати вертолёти самолёт бўлаклари тик қояда ётганини, бу ҳудудга қўниш қийин эканлигини аниқлаган.
Бундан ташқари, ёнғин бўлаётгани сабабли вертолёт учувчиси базага қайтишга қарор қилган ва тирик жон изи йўқлиги ҳақида ахборот берган.
Қутқарувчилар 14 соатдан кейин етиб келган ва тирик жонни топишга умид қилмаган, бироқ тўрт киши тирик қолган эди: 26 ёшли Юми Отиаи, 34 ёшли Хироко Ёсидзаки ўзининг 8 ёшли қизи Микико билан ва 12 ёшли Кейко Каваками.
Юми Отиаи Japan Airlines’да борт кузатувчиси бўлиб ишлаган, бироқ ўша куни у шахсий сафарни амалга ошираётган эди. Айнан у бортда нима юз бергани ҳақида кўплаб маълумотни берган.
12 ёшли Кейкони қутқарувчилар дарахт шохида топган — қизча самолёт қулаши вақтида отилиб кетган. Бироз вақт давомида унинг отаси ҳам тирик бўлган, бироқ у 14 соатлик кутишга чидай олмаган.
Тирик қолганлар кўп бўлган, бироқ жароҳатлар билан бирга улар тоғдаги кечада жиддий совуқни бошдан ўтказган ва ёрдам етиб келишини кута олмаган.
Ҳалокат жойида қора қутилар ва қурбонларнинг ўз яқинларига ёзган кўп сонли мактублари топилган.
Япония ҳақиқий шок остида қолган — ҳалок бўлганларнинг қариндошлари авиакомпания офисларига кела бошлаган, унинг ходимлари эса одамлар бор жойдан қочган. Авиакомпания президенти тергов натижаларини кутмасдан истеъфога чиққан, аэропортдаги техник хизмат раҳбари эса ўзини харакири қилган.
Самолёт нима учун ҳалокатга учраган? 1985 йилнинг 13 августида Япония мудофаасининг ҳарбий-денгиз кемаси Сагами бўғозида сузиб юрган самолётнинг вертикал ва горизонтал таянчларини топган. Бу самолёт парвоз чоғида дум қисмини ва баландликни бошқариш рулларидан ажралганини билдиради.
Бундай носозлик шароитида самолёт дарҳол қулаши керак бўлган, бироқ учувчилар уни ҳавода ярим соат ушлаб туришга муваффақ бўлган. Уларнинг маҳорати тўрт кишини қутқариб қолган. Агар ҳалокатдан кейинги 14 соатлик кутиш бўлмаганда, қутқариб қолинганлар сони кўпроқ бўлган бўларди.
Нима учун самолёт парвоз чоғидан думидан ажралган? Аниқланишича, 1978 йилнинг 2 июнида JA8119 рейси учувчисининг хатоси сабабли мазкур самолётнинг дум қисми Осака аэропортининг учиш-қўниш йўлагига урилган, натижада дум қисмидаги герметик шпангоут зарарланган. Герметик шпанпоут лайнер салонининг йўовчилар жойлашган дум қисмини самолёт думининг ногерметик қисмидан ажратиб туради ва унда ҳавонинг доимий босими сақлаб турилади.
Таъмирлаш ишлари Японияда амалга оширилган. Гермошпангоутнинг зарарланган қисмини уч қатор маҳкамлагич билан қотирилган яхлит пластик-кучайтиргич билан мустаҳкамлаш керак бўлган. Бироқ уч қатор маҳкамлагичли яхлит кучайтиргич ўрнатиш ўрнига техниклар иккита алоҳида кучайтиргич қисмларидан фойдаланган, улардан бири икки қатор маҳкамлагич билан, иккинчиси эса фақат бир қатор маҳкамлагич билан қотирилган.
Таъмирлаш бригадаси ана шу таъмирлашни ҳам етарли бўиади, деб ҳисоблаган — ҳақиқатда ҳам самолёт парвозларни муваффақиятли давом эттирган. Бироқ учиш ва қўнишлар вақтида юклама доимий равишда металлнинг пайвандланган жойини бузиб борган. Ҳалокат юз бериши аниқ бўлган, фақат масала унинг қачон юз беришида бўлган.
1985 йил 12 августда гермошпангоут навбатдаги ҳавога кўтарилишда босимни кўтара олмаган ва бутунлай очилиб кетган ҳамда гидравлик тизим симларини ҳам узиб юборган. Салондаги ҳаво юқори босим остида вертикал дум барқарорлаштирувчиси юзасига урилган ва уни шампан виноси бутилкасининг қопқоғи каби отиб юборган. Самолёт бошқарувни йўқотган.
Ҳалокатдан кейин Japan Airlines компанияси узоқ вақт давомида ўз обрўсини тиклаган, Boeing корпорацияси эса лаерларни таъмирлаш қоидаларини қаттиқлаштирган ва бутун дунё бўйлаб ўз ҳаво кемаларининг шошилинч текширувини ўтказган.
Изоҳ (0)