Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида рекорд даражада иссиқ об-ҳаво қайд этилди. Бу ҳақда КТК телеканалига таяниб, «Nur.kz» хабар бермоқда.
Термометр кўрсаткичи сояда 46, қуёшда 62 даражани кўрсатган.
Ушбу об-ҳаво рекордларини маҳаллий нефть қазиш компанияси ходимлари қайд этган. Улар кўтарилиб бораётган термометр кўрсаткичини видеога олган.
Синоптиклар ҳудудда об-ҳаво янада исиши мумкинлигини хабар қилган. Вилоят аҳолиси кучли иссиқ сабаб турли табиий офатлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Фавқулодда иссиқ фермерлар учун ташвиш келтириб чиқарди. Эндиликда фермерлар қуш ва ҳайвонларнинг жазирамага дош бериши учун улар сақланадиган жойларга кондиционерлар ўрнатишга мажбур бўлмоқда.
Бу йили Каспий денгизи ҳам аҳолини ҳайратга солмоқда. Яқин кунларда сув ҳарорати 26, айрим жойларда 30 даражагача кўтарилди.
Маълумки, ҳароратнинг кўтарилгани сари сувда чўмиладиганлар сони ҳам ортади. Чўмилиш ҳавзалари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони ҳам ортиб бормоқда. Ақтау шаҳридаги «Тез ёрдам» станциясида бир сутка ичида 3 та чақирув бўлгани хабар қилинган. Бир киши ёрдам келишига қадар чўкиб кетган, 2 нафар қиз эса қутқариб қолинган, улар ҳозирда вилоят шифохонасига ётқизилган.
Синоптиклар минтақада жазирама ёз бўлишини маълум қилган. 4 июль, чоршанба куни ҳаво ҳарорати 43 даражагача пасаяди, бироқ кейин яна кўтарилади. Августнинг июлга нисбатан иссиқроқ бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)