Жиззахда талабанинг баҳоларини тузатиб бериш учун ундан пул олган шахс жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Жиззах шаҳар суди матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Жиззах Политехника институтида кафедра ассистенти лавозимида ишлаган С.Р 25 март куни ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган. 26 март куни С.Р. ойлик иш ҳақининг ҳисоб-китобини билиш учун институтга келган. Шу куни талабалардан бири 5 та фандан синов баҳоларини олишда қийналаётганини айтиб, С.Р.дан ёрдам беришини илтимос қилган. С.Р. ўзининг ишдан бўшаётганини сир тутган. У соғлиғини тиклаш учун пул кераклигини айтиб, баҳоларни тузатиб бериш учун 500 минг сўм сўраган. Талаба бунча пули йўқлигини айтган ва С.Р. 400 минг сўмга кўнган.
С.Р. 28 март куни талабадан 400 минг сўм пул олган вақтида қўлга олинган.
Айбдор жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ҳукми билан жавобгарликка тортилди. Маълум бўлишича, С.Р. муқаддам ҳам судланган ва Жиноят кодексининг бир нечта моддаларига кўра айбдор деб топилган.
Изоҳ (0)