Мамлакат аҳолисини сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва Ўзбекистон фармацевтика бозорининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талабни бекор қилиш;
давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини, жумладан, дори моддалари (субстанциялар) ва дори препаратлари (кейинги ўринларда дори воситалари деб аталади)ни давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини 2018 йил 1 августдан жорий этиш тўғрисидаги таклифларини маъқуллаш қайд этилди.
Фармонда қуйидагилар белгилаб қўйилди:
а) ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларнинг сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилади;
б) юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олиш:
хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги бўйича шубҳа уйғотмайдиган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун масъул бўлган хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларни табақалаштириш асосида;
давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилади;
в) мазкур фармоннинг 1-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган тартиб қўлланиладиган дори воситалари ушбу воситаларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилишида экспертиза қилинмайди.
Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков, Ўзбекистон Республикасининг бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шадманов зиммасига юклатилди.
Изоҳ (0)