«Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар» мавзусидаги халқаро конференцияда бир қатор лойиҳаларни бажаришга келишиб олинди, деб ёзади ЎзА.
«Конференцияда Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириш учун 26 лойиҳа маъқулланди, — дейди Экоҳаракат Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раис ўринбосари С. Сангинов. — Бунинг учун 6 миллиард сўм, қарийб 13 миллион евро ва 1 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилади. Бу лойиҳаларнинг асосий қисмини Орол муаммоларининг аҳоли ҳаётига таъсирини бартараф этиш, қўриқлаш ҳудудларини кенгайтириш, биохилма-хилликни сақлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган».
Хорижлик ҳамкорларнинг кўплаб лойиҳалари қаторида ўзбекистонлик вакилларнинг ҳам бир қатор таклифлари бор.
«Оролбўйи иқтисодий ўсишининг учта нуқтаси аниқланди, — дейди Давлат рақобат қўмитаси тадқиқотлар маркази директор ўринбосари Улуғбек Камоллиддинов. — Биринчидан, саноатга фойдали ресурсларни жалб этиш, мисол учун, минерал хом ашёлар, углеводородлардан фойдаланиш. Иккинчиси, қишлоқ хўжалигига интенсив технологияларни жорий этиш. Хусусан, аквапоника, бунда гуручни экиб, у ўсгунча орасида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш. Кейингиси, қўшни мамлакатлар салоҳиятидан фойдаланиб, ҳамкорликда сайёҳликни ривожлантириш».
Конференция якунида иккита меморандум имзоланди.
Изоҳ (0)