Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ва яна бошқа спортчилар биргаликда масжид қуриш истагида Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилгани ҳақида ўқидим. Мавзу мени қизиқтириб қўйди. Шу хабарни ўқигач, бошқа бир гапни эсладим: муаммодан қочиш ҳам, уни ечиш ҳам мумкин. Ҳозир шу ҳақда сиз билан фикр алмашмоқчиман.
Жума кунлари масжидларимизга одам сиғмай кетади (ҳозир таровеҳ намозларида ҳам шундай), буни ҳис қилиб қувонасан. Бошқа тарафдан, масжидга ўз машинасида келган баъзи намозхонлар уловини шундай жойда қолдирадики, бу ҳолат қолган ҳайдовчи ва йўловчилар учун ноқулайликлар келтириб чиқаради. Буниси энди қувонадиган жиҳат эмас. Фақат ўз қулайлигингни ўйлаб, бошқаларнинг йўлини тўсиш ё уларга ноқулайлик туғдириш маъқул иш эмас. Йўл ҳам бировнинг ҳақи.
Модомики, масжидларимиз намозхонлар билан тўлаётган экан, йўллардаги, масжидлар атрофидаги бу муаммога жим қараб туриш ҳам у қадар тўғри эмас. Масжидларда имомлар бунинг номақбул эканини кўпроқ тушунтирсин, телеканаллар бу ҳақда мазмунли ижтимоий роликлар айлантирсин. Тасаввур қилинг — балки иш, балки уйингизда кимдир бетоблиги сабаб масжиддан шошилиб чиқдингиз. Бироқ шу масжидга кириб кетган бошқа инсон машинангиз олдини ўз машинаси билан «ёпиб кетган». Фақат сиз қийналсангиз майлига эди, атрофдаги ўткинчилар, пиёдалар учун ҳам кўп ноқулайлик.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор — эркаклар учун ҳафтанинг жума кунларидаги иш соатларини қайта кўриб чиқиш керакдир? Дейлик, улар ишдан соат 12:00 дан чиқиб, 15:00 да ишга қайтишлари эвазига шу куни 18:00 гача эмас, балки 20:00 гача ишлаб берсин. Бу тартиб ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилиниб, ташвиқот ишлари тўғри олиб борилса, одамлар жума намозларига пиёда боришга ҳам одатланар (масжидга пиёда келганларнинг ҳар бир қадами учун савоб ёзиларкан), эҳтимол жамоат транспортидан фойдаланишга ўтар. Ҳарқалай, бу ҳам аввало масжидлар атрофидаги тирбандликларни камайтириш йўлидаги бир таклиф.
Биласизми, бу ҳолат ўз диний фарзини адо этаётган ва жума намози вақтида кўчада бўлган — дейлик, аёллар, ўзга дин вакиллари, жамоат транспорти ҳайдовчилари ва яна бошқа одамлар ўртасидаги зиддиятни камайтиради. Қолаверса, фарзини адо этиш учун масжидга келган кишиларга ҳам бировнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик, йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслик имкониятини яратади. «Жума намозига бориб бировнинг йўлини тўсишлик» билан «чўчқа гўштидан ҳазар қилиб, маст қилувчи ичимликлардан қайтмаслик» ҳолатлари ўртасида ҳеч бир фарқ йўқ менимча.
Энди Одил Аҳмедов масаласига яна қайтаман. Аҳмедов — кучли футболчи, уни маданиятли, тарбияли, ориятли инсон сифатида ҳурмат қиламан. Хайрли ишларида мушкулотлардан йироқ бўлишига тилакдошман. Шу билан бирга ўтинчим ҳам бор. Модомики, Аҳмедов ва унинг касбдошлари эзгу ишга қўл уришга қарор қилибди, барпо этилажак масжид ёнига ҳайдовчилар учун кўп қаватли автотураргоҳ қурдириш масаласига ҳам бефарқ бўлишмасин. Бу жиҳатни шаҳар ҳокимлиги ҳам режага киритишига ишонаман. Бу ҳаммамиз учун яхши ва фойдали иш бўлишига ишонаман.
Ташрифчилар, зиёратчилар билан тўла бўладиган ҳар қандай янги объектни қуришдан аввал дастлаб автотураргоҳ ҳақида ўйлайдиган даврга аллақачон етиб келганмиз.
Изоҳ (0)