Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида 28–29 апрель кунлари "Бойсун баҳори»очиқ фолклор фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фестивалда мамлакатда фаолият юритаётган фольклор жамоаларининг 250 дан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либос ва қадимий куй-қўшиқлар билан фаол иштирок этди.
Республика ҳудудларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик жамоаларининг қизиқарли концерт дастурлари барчага бир олам завқ-шавқ улашди. Тожикистон Республикасининг «Падида» театр жамоаси ва машҳур хонанда Шабнам Сурайё, Афғонистон Ислом Республикасининг таниқли ҳофиз-хонандалари Абдумажид, Абдурауф Адлхуийлар ҳамда пойтахтдан келган эл суйган санъаткорлар иштирокидаги махсус дастур намойиш этилди.
Фестивалда Сурхондарё вилоятининг «Бойсун» фольклор-этнографик жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикасининг «Бес перде», Жиззах вилоятининг «Боғдон гуллари» ва Хоразм вилоятининг «Хоразм» жамоалари иккинчи, Тошкент вилоятининг «Қурама», Фарғона вилоятининг «Сўх чашмаси» ва Сирдарё вилоятининг «Сирдарё наволари» фольклор-этнографик жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, энг чечан бахши-шоир, оқин ва жировлар, энг яхши ўтов-уй ўрнатган жамоалар ҳам муносиб тақдирланди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.
Изоҳ (0)