Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 апрель куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг Туркия делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
Олий даражадаги сиёсий мулоқотда кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари, икки томонлама муносабатларнинг янги истиқболларини белгилаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик, жумладан, глобал ва минтақавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ташриф доирасида Туркия президенти Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиқиши, Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари вакиллари иштирокидаги бизнес-форумда қатнашиши кўзда тутилган.
Ташриф дастуридан Туркия делегациясининг Бухоро шаҳрида бўлиши ҳам ўрин олган.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 30 апрель ва 1 май кунларига белгиланган.
Изоҳ (0)