Эдинбург университети, Хитой фанлар академияси ва Шотландиянинг Staffin динозаврлар музейи мутахассислари Ички Гебрид архипелагидаги Скай оролини тадқиқ этди. Шимоли-шарқий соҳилда тахминан 170 миллион йил аввал динозаврлар томонидан қолдирилган излар аниқланди, деб ёзади National Geographic.
Жами 50 га яқин излар топилган. Олимлар икки йўлни пайқашди, изларнинг бир қисми алоҳида жойлашган: сувнинг кўтарилиши ва ландшафтнинг ўзгариши туфайли уларнинг аксарияти шунчаки йўқолиб кетган.
Излар асосан улкан ўтхўр зауроподларга (лот. Sauropoda) тегишли, бироқ бошқалари йиртқич тероподлар (лот. Theropoda) томонидан қолдирилган бўлиши мумкин. Уларнинг аниқ турини ҳали идентификация қилиш лозим.
Янги кашфиёт муҳим кашфиётлар сирасига киради: Юра даври ўрталари далилларини сақлаб қолган жойлар дунё бўйича атиги бир нечтадир.