18 март куни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор рақамига Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Учбов қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро тоғли ҳудудда йўқолиб қолганлиги тўғрисидаги мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
«Чимён» қутқарув отряди қутқарувчилари У. Кулиев, Д. Очилов, Ф. Абдиев ва И. Мирзааҳмедовлар воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, қидирув ишларини амалга оширди. Натижада қутқарувчилар тана қисмига кўплаб жароҳат етган фуқарони топишга муваффақ бўлди.
Аниқланишича, жабрланган аёл тоғ ёнбағрида сайр қилиш жараёнида эҳтиётсизлик туфайли сирпаниб кетиб, тахминан тўрт метр баландликдан қулаб тушган. Бунинг оқибатида ўнг оёғида очиқ синиш, ўнг қўли ва чап оёғида синиш ҳолатлари, шунингдек, бош қисмида ҳам жароҳат кузатилган.
Ўз вақтида ёрдамга келган қутқарувчилар тезда жабрланган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга уни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилишади ҳамда тез ёрдам ходимларига топширди.
Ҳозирги вақтда жабирланувчининг аҳволи ўрта даражада.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролардан тоғли ҳудудларда хавфсизлик қолидаларига риоя қилинишини сўрайди.
Изоҳ (0)