Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтказилиши муносабати билан мақола тайёрлаб, унда икки давлат алоқалари юзасидан фикр билдирди. Мақола ЎзАда чоп этилди.
«Туркий халқлар бир илдиздан ўсиб чиққан улкан дарахтга ўхшайди. Шу дарахтнинг ер юзига кенг соя берадиган икки йирик шохларидан бири қозоқ халқи бўлса, бошқаси ўзбек халқидир. Бир теран томирдан сув ичган икки халқнинг кенг ва чуқур маъноли маданияти, урф-одатлари, қадриятлари бир-бирига туташ, ўзаро ҳамоҳанг ва уйғун», — дейилади мақолада.
Қозоғистонда «2018 йил – Ўзбекистон йили» дастури муносабати билан маданият, санъат, адабиёт соҳаларида бажарилиши режалаштирилаётган бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, хайрли ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринли. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида Остона шаҳрида ўзбек ҳунармандларининг 400 дан ортиқ маҳсулотини акс эттирган кўргазма намойиш этилади. Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтувчи Ўзбекистон йилига бағишланган тантанали маросим – катта концерт дастури ўзбек маданияти ва санъатининг нақадар бой ва бетакрорлигини тараннум этиши шубҳасиз.
«Қозоғистонда Ўзбекистон йили бошланди. Йиллар ўтади, бугунги кун тарихга айланади. Бу борадаги барча саъй-ҳаракатларимиз дўстона муносабатларнинг, ҳамжиҳатлик, қардошлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади», — деб сўзига якун ясайди Бахтиёр Сайфуллаев.
Изоҳ (0)