Голландиялик мутахассис Берт ван Марвейк футбол бўйича Австралия миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида таништирилди. Эндиликда яшил қитъа термаси Россия—2018 мундиалига айнан унинг бошқарувида ташриф буюради.
Ван Марвейк аслида Саудия Арабистони терма жамоасига мундиал чиптасини тақдим этган, бироқ тушунарсиз сабабга кўра мамлакат футбол федерацияси билан хайрлашганди. Унинг жамоаси саралашда айнан Австралияни ортда қолдириб кетганди.
Ўз навбатида Австралия футбол федерацияси ҳам айнан шу сабабни инобатга олган. Айтилишича, Австралияга қарши ўйинлар олдидан голландиялик мураббий рақибларини яхшилаб ўрганган. Шундан келиб чиқиб, у Австралия термаси ҳақида яхши тасаввурга эга. Шунингдек, мураббий 2010 йилги Жаҳон Чемпионатида Голландия термасини финалга қадар етаклаб борганди.
Австралия термасини мундиалга Анге Постекоглу олиб чиққан. Бироқ у плей-офф раундини босиб ўтишига тўғри келди. Бунда аввалига Сурия, кейинроқ эса Гондурас ортда қолдирилди. Тўғридан-тўғри йўлланма қўлга киритилмаганидаёқ австралияликлар Анге Постекоглуни истеъфога чиқаришларини маълум қилишганди.
Австралияни 2 марта Жаҳон Чемпионатига олиб чиққан ва Осиё Кубогини олиб берган мутахассис истеъфога чиқди
Аввалроқ ЎФФ Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига номзод 9 инсон ичида ван Марвейк номи ҳам борлиги ҳақида айтганди. Энди унинг Ўзбекистонга келмаслиги аниқ бўлди. Бунгача номзодлар орасидан Вальтер Маццари Туриннинг «Торино» клубини қабул қилиб олганди.
Изоҳ (0)