Лондоннинг «Арсенал» клуби ҳужумчи Тео Уолкоттнинг «Эвертон»га ўтгани ҳақида маълумот берди. Ливерпулликлар Уолкотти билан 3,5 йиллик шартнома имзолаган.
Трансфер суммаси қанчани ташкил қилгани борасида аниқ маълумот берилмади. Аввалроқ норасмий манбалар Уолкотт 22,4 миллион еврога сотилаётгани ҳақида айтиб ўтганди.
Уолкотт «Эвертон»да «Арсенал»даги каби маош олади. Унинг лондонликлардан оладиган ҳафталик пули 124 минг еврога тенг эди.
Тео Уолкотт учун жорий мавсум омадли келди деб бўлмайди. У бор-йўғи 6 та учрашувда ҳаракат қилди ва майдонда жами 63 дақиқа давомида кўриниш берди. Ҳужумчи «тўпчилар» сафида 2006 йилдан буён тўп суриб келаётганди. Ўтган вақт давомида у «Арсенал»нинг 397 та ўйинида майдонга тушиб, 108 та гол уришга эришди.
«Эвертон» бунга қадар «Бешиктош»нинг тўпурар ҳужумчиси Жек Тосунни ҳам харид қилганди. Мавсум аввалида эса жамоага Уэйн Руни қайтарилганди.
Изоҳ (0)