Ўзбекистон Қирғизистонда автомобилларга хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалик техникасини йиғиш, пластик деталлар чиқариш ва бошқа йўналишлар бўйича тўққизта корхона очади, деб ёзади KNews Қирғизистон Инвестицияларни илгари суриш ва ҳимоялаш агентлиги директори Шумкарбек Одилбек ўғлига таяниб.

Фото: «Ўзавтойўл»

Унинг сўзларига кўра, еттита компания Қирғизистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси мақомига эга бўлади. Хусусан, Artel Engineering (Ўзбекистон) ва «Л.Т.Б» (Қирғизистон) фирмалари Artel русумидаги кир ювиш машиналарини йиғса, Perfect Plast Profil (Ўзбекистон) ва «Имзо Лтд.» (Қирғизистон) пластик ва алюминий профиллар чиқаради.

Бундан ташқари, «Ўзавтосаноат» ва «АвтоОндооЗавод» Қирғизистонда қишлоқ хўжалик техникаси ва автоприцепларни йиғиш бўйича иккита корхона очади. Шунингдек, Ўзбекистон компанияси Қирғизистоннинг «ДТ Техник» ва «Автоцентр Эстакада» компаниялари билан автобуслар йиғиш ва транспортга хизмат кўрсатиш бўйича заводларни очади. «Автоцентр Эстакада» ва «Ravon Motors Тянь-Шань» компаниялари эса автомобилларни йиғиш бўйича завод ва дилерлик маркази очиш ҳақида келишиб олди.

Бундан ташқари, Artel Engineering Қирғизистонда ўз филиалини очади ва MediaPark кўнгилочар марказини қуради.

Ушбу келишувларнинг барчаси бўйича меморандумлар имзоланган. Мазкур корхоналарнинг бир қисми аллақачон яратиб бўлинган, баъзилари эса 2018 йил охиригача қурилиши кутилмоқда. Янги компаниялар Бишкек, Ўш ва Кара-Балта шаҳарларида очилади.